Миллатлараро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси

 

Давримизнинг ўткир муаммоларидан бири  — глобал иқлим ўзгаришидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда. Жумладан, Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида жаҳон минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлар экан, бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурган эди.  Ҳусусан, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этиб, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди.

Куни кеча – 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида  Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилгани ҳамда ҳужжатга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин мамлакатлар ҳаммуаллифлик қилишгани мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи ва ўрни ошиб бораётганидан далолат беради.

Эндиликда, Орол денгизи ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ушбу ҳужжат билан янада мустаҳкамлаб қўйилади ҳамда бу борадаги ишлар дунё ҳамжамиятининг диққат-эътибор марказида туради.

Анвархон ТЕМИРОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш