АҲОЛИНИ СОҒЛИГИНИ САҚЛАШ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

 

Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Мамлакатимизда кўп миллатли халқимизни ҳаётдан рози қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу, хайрли ташаббуслар, кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида бугун, республикамизнинг энг чекка ва олис қишлоқларидаги инсонларнинг кўнглида ҳам қувонч уйғонмоқда. Хусусан, вилоят ва туман марказларида ҳамда чекка ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишини кўриб бу борада амалга ошириладиган ишлар  ҳали кўп эканига амин бўлдим. Қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, ўз ечимини кутиб турган масалалар йиллар давомида тўпланиб қолган экан. Жумладан, тиббиёт муассасаларида айни вақтда 50 мингта компьютер етишмаяпти. Мисол учун, Жомбойда 12 та оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктларидан 11 тасида компьютер ҳам, интернет ҳам йўқ. Шу билан бирга, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш учун бюджетдан ажратилган 28 миллиард сўм маблағ ўтган 4 ойда ҳали ўзлаштирилмаган.

Видеоселектор йиғилишида Президентимиз халқимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳолатидан норози эканлигини маълум қилиб, бундан кейин ҳар бир раҳбар тиббиёт сохаси бўйича аҳоли олдида ҳисобдор бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда тиббиёт соҳаси олдида турган 5 та асосий йўналиш белгилаб берилди:

Биринчидан – бирламчи тиббиёт сохасида касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантиришни;   

Иккинчидан – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш;

Учинчидан – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш;

Тўртинчидан – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Бешинчидан – тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантиришда тизимли, жиддий ўзгаришлар қилиш шартлигини таъкидлаб ўтилди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, профилактикасини кучайтириш, шифокорларимизнинг тиббий таълимини ривожлантириш, малакасини ошириш, тизимда коррупцияни кескин қисқартиришни таъминлашга хизмат қилади.

Биз депутатлар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этсак, мутасаддилар масъулиятини оширишга ундасак, фуқароларимизнинг ислоҳотларга, тиббиёт тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилаётганига бўлган ишончлари ортиши шубҳасиз.

 Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий

масалалар қўмитаси аъзоси

 

← Рўйхатга қайтиш