Ўзбекистон-Индонезия: ҳамкорликнинг янги босқичи

 

Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси Спикерининг ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидаги ушбу мамлакат делегацияси бир неча кун юртимизда меҳмон бўлди. Мен Индонезия парламентлараро гуруҳи аъзоси  сифатида яна бир бор улар билан учрашишга мушарраф бўлдим.

Ташриф давомида Индонезия парламенти аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти, халқ вакилларига яратилган шароитлар билан танишдилар. Бевосита ялпи йиғилиш жараёнини кузатдилар. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, “Маърифат маркази” симпозиумлар саройи, Абул Қосим Миллий амалий санъат маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси ва “Амирсой” тоғ-чанғи курорти меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанд шаҳрини ҳам зиёрат қилдилар.

Индонезия парламенти аъзолари билан учрашув, суҳбатларимиз самимий, дўстона ўтди. Аҳолиси 300 миллионга яқин бўлган ушбу давлатнинг парламенти ҳам 2 палатали бўлиб, уларда ҳам худди биз каби 2005 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Парламент депутатларининг 25 фоизини аёллар ташкил этади.

Индонезия парламенти аъзоларининг жорий йилнинг ўзида республикамизга иккинчи марта ташриф буюришлари уларда юртимизга қизиқиш юқори эканлигидан далолат беради. Ушбу мамлакатда яқинда Имом Ал-Бухорий номидаги масжид очилиши ўзбекистонликларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Бу каби эзгу ишлар иккала халқ ўртасидаги биродарлик алоқалари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти билан делегация аъзолари ўртасида бўлиб ўтган учрушувда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Мулоқот чоғида Индонезияда менерал ўғитларга бўлган талаб юқори эканлиги, бу борада йилик эҳтиёж 15 миллион тоннани ташкил этаётгани, ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш томонлар учун манфаатли эканлиги маълум қилинди. Шу боисдан, Индонезия Республикасида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг расмий савдо уйини очиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳар иккала мамлакат  манфаатларига тўла мос келиб, кўплаб соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

← Рўйхатга қайтиш