ИСЛОҲОТЛАР ТИББИЁТ ТИЗИМИНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚАДИ

 

Дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказди, сифатли тиббий хизматга эҳтиёж янада ортди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам тиббиёт соаҳасини тубдан такомиллаштириш вазифаси кун тартибига чиқди, тизим фаолиятига эътибор янада кучайди. Чунки, энг катта бойлик бу халқимиз саломатлигидир.

Давлатимиз раҳбари раислигида тиббиёт соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизим фаолиятига доир муҳим тавсия ва ташаббуслар илгари сурилди. Белгилаб берилган аниқ ва қатъий вазифалар ижроси мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.

Жумладан, Президент соҳада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим 5 та йўналиш хусусида тўхталиб ўтди. Бунда аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини янада ривожлантириш ҳақида гап борар экан, биринчи навбатда шароит ва кадрлар масаласига эътибор қаратилди. Бугунги кунда 250 дан зиёд касалликларнинг 87 тасини бирламчи бўғинда даволаш мумкинлиги, бунинг учун мазкур бўғинни малакали кадрлар, шошилинч ёрдам учун зарур 50 хил дори ва 16 турдаги тиббиёт воситалари билан таъминлаш кераклиги таъкидланди.

Президентимиз сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, айниқса, юрак-қон томир ва ошқозон-ичак хасталиклари профилактикасини кучайтириш муҳимлигини қайд этди. Бирламчи бўғинда даволаш зарур бўлган касалликлар бўйича бепул тиббий хизматлар пакети жорий этилиши белгиланди. “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларга мутахассисларни жалб қилиш кераклиги қайд этилди. Шунинг билан бирга, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда штатлар нормативи, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малака талаблари, жиҳозлаш стандартларини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Албатта, бугун тиббиётнинг бирламчи бўғинини замонга қараб, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ташкил этиш кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифа ҳисобланади. Тўғри, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо сайловчилар билан учрашувларда гувоҳ бўламизки, аксарият аҳоли тиббий хизмат сифатидан рози эмас. Бу борада кўп ҳолларда асосий эътироз бирламчи тиббий ёрдам муассасалари фаолиятига билдирилмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда малакали шифокорлар етишмаслиги ўткир муаммога айланган. Жойларда шифокорлардан аҳоли норозилигининг ошиб бораётгани, беморларнинг яқинлари ва шифокорлар ўртасида турли низолар келиб чиқаётганига тез-тез ҳам гувоҳ бўляпмиз. Чиндан ҳам соҳада кадрлар етишмовчилиги, кам сонли шифокорларга иш юкламасининг йиллар давомида юқори бўлиб қолаётгани сифатли тиббий хизмат кўрсатишга халақит бериб келмоқда. Шу нуқтаи назардан олганда, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи бўғинни замон талабларига мослаштириш, тизим ходимларини фаол қўллаб-қувватлаш ва уларга шароит яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда, шунингдек, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш ҳамда ушбу вазифаларни бажаришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, янгича таклиф ва ташаббуслари билан тиббиёт тизимини халқимизга фақат ва фақат сифатли хизмат қилиши нуқтаи назаридан ислоҳ этилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз тиббиёти сифат жиҳатдан янги даражага чиқиши, шубҳасиз.

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш