2020 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида БМТ резолюцияси қабул қилинишни таклиф этганди. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти эътиборини ушбу долзарб муаммога қаратиб келаётгани бежиз эмас. Чунки, Орол фожиаси давримизнинг энг ўткир экологик глобал муаммоси бўлиб, ҳалокатга қарши халқаро даражада курашилмаса, экологик мувозанат янада жиддий тус олиб, экологик танглик юзага келиши мумкин.
Бир пайтлар Орол катталиги бўйича дунёнинг тўртинчи денгизи ҳисобланган. У Марказий Осиё ҳудудида иқлим ҳолатини назорат қилиш, об-ҳаводаги кескин ўзгаришларни юмшатиш вазифасини ҳам бажарган. Ҳудудга кириб келган шамол массалари денгиз акваторийси таъсирида қишда илиқлашган, ёзда салқинлашган.
Маълумотларга кўра, 1964 йили Оролнинг майдони 68,9 минг км кв. бўлган, ундаги сув ҳажми эса 1083 км кубдан ошганди. Сўнгги 50-55 йилда денгиздаги сув ҳажми 15 баравардан кўпроққа қисқарган. Қирғоқ юзлаб километрларга чекинган. Денгизнинг қуриган тубида Оролқум чўлига айланган 6 миллион гектарга яқин оқ туз майдони пайдо бўлган. Янги саҳро тобора катталашиб, бутун Оролбўйи минтақасига ёйилмоқда. Ҳудуддан ҳар йили атмосферага қарийб 100 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари ва кучли шамоллар билан анча олис — 400 километрдан узоқ бўлган минтақаларга ҳам тарқалмоқда.
Орол ҳалокати оқибатлари аҳоли ўртасида турли касалликларнинг кенг тарқалиши, ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар турининг кескин камайиб кетиши каби қатор муаммоларни келтириб чиқаряпти. Шунинг билан бирга, денгизнинг қуриши Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келди, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчилик кучайди. Минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалигининг аҳволи ёмонлашди. Шу тарзда Орол танглиги нафақат экологик фожиа, балки ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммога айланди. Демак, денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни талаб қилади.
Шу маънода, 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги мажлиси кун тартибига биринчи масала сифатида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш масаласининг киритилиши бу йўлда муҳим қадам бўлди. Ҳужжат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Албатта, бу ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда экологик мувозанатни тиклаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда фавқулодда муҳимдир.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилашга илғор тажрибалар ва инновацияларни жорий этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман. Шунингдек, саҳрони дарахтзорга айлантириш, қурғоқчиликни бошқариш, чорвачиликни ривожлантириш янги имкониятлар яратилади. Энг асосийси, юзага келган экологик, иқтисодий ҳамда қатор ижтимоий муаммолар бартараф этилади.
Мухтасар қилиб айтганда, БМТга аъзо давлатларнинг муаммоларни ҳал қилиш, минтақа тараққиёти ва унинг кўп миллионли аҳолиси фаровонлигини таъминлаш бўйича жипслашиши табиатни асраш, экологик тангликни олдини олишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси