“Муҳтожларга мурувватли бўлайлик”

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан Бухоро туманида шу номдаги лойиҳа доирасида тадбир ташкил этилди. Туман марказидаги фавворалар мажмуасида ўтказилган тадбирда партия вилоят Кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари вилоят, туман, кенгашлари депутатлари, фаоллар, маҳалла раислари, маҳалланинг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари,  оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбир бандликка кўмаклашиш туман маркази, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги бўлимлари, маҳаллий ҳокимлик, “Микрокредитбанк”, “Агробанк” туман бўлимлари, туман савдо-саноат палатаси каби ҳамкор ташкилотлар ҳам қатнашди.

Лойиҳа давомида ЎзХДП туман Кенгаши масъул ходими, депутатлар ва партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ маҳаллаларга ташриф буюриб, “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар билан учрашдилар. Ҳар бир кўтарилган муаммога чуқур ёндашилди, таҳлил қилинди, ечими бўйича аниқ чоралар кўрилиб, тегишлилиги бўйича мутасадди  ташкилотларга мурожаат қилинди, депутат сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, 14 нафар аёлга  ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилди, ишсиз, касб-ҳунарсиз, камбағал оилалардаги аёллардан касб-ҳунар марказлари, “Ишга марҳамат” мономарказлари орқали 41 нафари, хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг ўқув курсларида 66 нафар ўқишга, касб-ҳунар ўрганишга жалб этилди. Бундан ташқари, 55 нафар ишсиз аёлга ишсизлик нафақасини тайинлашда ёрдам берилди. Нодавлат таълим ташкилотлари сертификатини олган, тадбиркорлик ташаббусига эга бўлган 23 нафар хотин-қизга таъминотсиз имтиёзли кредитлар олиб беришга ёрдам кўрсатилди.

“Аёллар дафтари” га киритилган 1373 нафар хотин-қизлардан 1142 нафарининг муаммоли масалалари тизимли равишда ҳал этилди, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар касб-ҳунарга йўналтирилди, уларнинг шу ҳудуддаги бўш иш ўрни мавжуд ёки касаначилик меҳнатини ташкил этишга имконияти бор корхоналарга ишга жойлашишига, кредитлар олиб бериб, тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашилди ва бу орқали оилалар камбағалликдан чиқарилишига эришилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламдан оиласига даромад келтирувчи, давлат бюджети даромадлари шаклланишига ҳисса қўшувчи, ижтимоий-иқтисодий фаол инсонларга айланишига кўмаклашилди.

Тадбир давомида “Аёллар” мурувват-интернат уйига ташриф буюрилиб уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишилди ва Ўзбекистон ХДП вилоят ва Бухоро шаҳар Кенгаши томонидан  саховат ёрдамлари кўрсатилди.

Қ.Шарипова,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят Кенгаши

Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш

сектори мудири

← Рўйхатга қайтиш