Тараққиёт - ҳар бир инсон соғлом ва фаровон яшашидир

Миллат саломатлиги давлатнинг стратегик бойлиги ҳисобланади. Фақат соғлом халқ, соғлом авлод - буюк келажак ярата олади. Аҳолининг бугунги кунда тиббиётга бўлган хаққоний эҳтиёжи ва талабини қондириш, тиббиётнинг олтин қонуни бўлган сифатли тиббий ёрдам аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши ва ижтимоий адолат принципларига риоя қилган ҳолда таъминланиши 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтилди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги 5 та муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Биринчиси – тиббиётнинг бирламчи  бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.

Иккинчиси – ихтисослаштирилган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

Бешинчиси – тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Энг қувонарлиси нафақат белгилаб берилди, балки бажарилиш механизмлари тушунтирилиб, маъсуллар, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жалб қилинди.

Тиббиётда албатта катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун бизда барча шароитлар мавжуд: биринчидан; юртимизда сиёсий ҳолат барқарор, иккинчидан; мамлакатнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб бормоқда,буни тиббиётга ажратилаётган маблағлардан ҳам кўрса бўлади, учинчидан; ижтимоий аҳвол яхшиланиб бормоқда.

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш