Чинозлик депутатлардан ибрат олса арзийди

ЎзХДП ташаббуси билан ташкил этилган "Аёлларга кўмак" лойиҳасининг  асосий мақсадларидан яна бири “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни бандлигини таъминлашдир. Шу мақсадда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 500 нафардан зиёд аёллар қатнашиб корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари билан танишдилар.

Қайд этиш керак, кам таъминланган, ишсиз, ногиронлиги бўлган хотин- қизларни хоҳиши ва қобилиятига қараб касб-ҳунарга ўқитиш, уларни тадбиркорлик, касаначилик фаолиятига жалб этиш, уларга хусусий тадбиркорлик ҳамда томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратишда кўмаклашиш борасида чинозлик партиядош депутатларимиз томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Чиноз туман Кенгаши депутати К.Шерматова томонидан “Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар учун  бир неча йўналиш бўйича  “МУМТОЗБЕГИМ” номли  ўқув маркази  ташкил этилган бўлиб, ҳозирга қадар марказга жалб этилган 314 нафар ёшлар ва хотин-қизлар эгаллаган касблари бўйича диплом ҳамда 251 нафар ёшлар ва аёллар малака сертификатларига эга бўлишди.

Ушбу тадбир давомида ҳам 20 га яқин хотин-қизларга эгаллаган касблари бўйича сертификатлар топширилди.

Эътиборга молик жиҳати, ўқув маркази битирувчиларининг бандлиги ҳам таъминланмоқда. Битирувчиларнинг асосий қисми ўзини-ўзи банд қилиб, кредит олиш орқали ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишмоқда. Жумладан, депутат К.Шерматова маркази битирувчиси  Мукаррам Маҳаматовага 7 дона тикув машинаси олиб берди ва ёш тадбиркор “Мукаррам” МЧЖ тикув цехини  ташкил этди. Қувончлиси, янги корхонада 10 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

Тадбир давомида мазкур тикув цехини очилиш маросими ўтказилиб, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М. Ҳасанова, Марказий Кенгаш хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири Г.Асатова, Тошкент вилояти Кенгаши раиси А.Умаралиев, Чиноз туман Кенгаш раиси Ф.Ибрагимов ва бошқалар иштирок этди. 

“МУМТОЗБЕГИМ” МЧЖ ўқув марказида фаолиятини бошлаган ЎзХДПнинг бошланғич партия ташкилотига 20 нафар ишчиси тантанали тарзда партия сафига  қабул қилинди.

Шунингдек, “Меҳр улашайлик” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар ва ёшлар фаолияти билан яқиндан танишилди. Ишсиз, тадбиркорликка истаги бор, ногиронлиги бўлган,  "Аёллар  дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг хонадонларига  ташриф буюрилиб, яшаш шароитлари, уларга тегишли муаммолар ўрганилди, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Жумладан, депутат К.Шерматова кўмагида “Дўстлик” МФЙда яшовчи О.С. ва Х.С.нинг қизи 1993 йилда туғилган Д.Файзуллаевага ногиронлик нафақаси тайинланди. Д.Файзуллаевага фуқаролик паспорти олиб беришда кўмаклашилди. Бундан ташқари, депутат кўмагида оила яшаётган уй таъмирланди, ҳовлининг 3,5 сотих майдонига иссиқхона қуриб берилди.

Бундай эзгу ишлар барча партиямизнинг вилоятдаги барча шаҳар ва туман кенгашларида давом этмоқда.

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти Кенгаши

← Рўйхатга қайтиш