Давлат бюджети ижросида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди

Олий Мажлис Қонунчилик паластидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Молия вазирлиги ҳисоботини қизғин муҳокама этиш билан бошланди.

Ҳисоботда 2020 йилда COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиётига сезиларли таъсир салбий кўрсатгани, дунёда иқтисодий рецессия кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда ижобий иқтисодий ўсиш сақлаб қолингани қайд этилди. Бу эса Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни  бекаму кўст таъминлаш имконини берди.

Таъкидланганидек, 2020 йил Давлат бюджети даромадлари 132,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн. сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4 192 млрд. сўмга ошириб бажарилиб, 2019 йилга нисбатан даромадлар ҳажми 20,8 трлн. сўмга ўсган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74 231,8 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Жумладан, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, хусусан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни турар-жой билан таъминлашда бошланғич бадалларни қайтармаслик шарти билан тўлаб бериш харажатларига 21,7 млрд. сўм, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга 5,9 млрд. сўм миқдорида ёрдам ёрдам кўрсатилган.

Йиғилишда Давлат бюджетининг 2021 йил 1-чораги якуни ҳам атрофлича таҳлил этилди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Бунда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби мақсадли дастурларни амалга ошириш каби тадбирларни молиялаштириш бюджет параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида амалга оширилди.

Фракция аъзолари томонидан Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ҳисобот маъқулланди.

Йиғилишда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги каби қонун лойиҳалари ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокамалар асосида кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш