КЛАСТЕРНИ КАСРИГА ДЕҲҚОН ҚИЙНАЛИШИ КЕРАКМИ?

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига кластер тушунчаси кириб келганига уч-тўрт йил бўлиб қолди. Янги тузилманинг афзалликлари, унинг имкониятларидан ҳамма баробар манфаатдор бўлиши ҳақида кўп гапирилди.

Бироқ жойларда кластерлар фаолияти билан боғлиқ юзага чиқаётган муаммолардан кўриняптики, маҳсулот етиштиришнинг янги тизимида ҳамма ҳам тўғри ишлаётган эмас. Хусусан, бу ҳолат айрим кластерларда фермерлар, ишчилар  билан бажарилган ишлар, меҳнатга ҳақ тўлаш муносабатларида кўпроқ кўзга ташланяпти.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида иш ҳақидан норози кластер ишчиларининг велосипедларда автомобиль халқаро йўлини тўсиб қўйганлиги тасвирланган видео тарқалгани фикримизнинг исботидир.

Маълум бўлишича, «Индорама» хорижий давлат кластери ишчиларнинг бу ҳаракатига иш ҳақи кам (1,5 млн. сўм) берилаётгани, ойликлари тирикчиликларига етмаётгани, бу ҳам озлик қилгандек, ойликлари  камайтирилаётгани сабаб бўлган.

Инсоф билан айтганда, инфляция ва бошқа омилларга кўра озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бораётган ҳозирги шароитда рўзғор тебратиш аҳолининг маълум қатлами, жумладан, қишлоқ жойларда яшовчилар учун қийинлашиб бормоқда.

Шундай бир пайтда иш ҳақларини вақтида бермаслик, камайтириш ҳолатларига асло тоқат қилиб бўлмайди. У Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хориж корхонаси бўладими, маҳаллий ишлаб чиқарувчими, ишчи-хизматчилар учун муносиб меҳнат шароити яратиб бериши, адолатли иш ҳақи тўлаши шарт, деб ўйлаймиз. Токи ҳар бир фуқаро қилаётган меҳнатидан, олаётган даромадидан рози бўлиб яшаши керак.

Партиямиз «Индорама» кластери ва бошқа иш берувчилардан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқига ҳамда ижтимоий адолат мезонларига риоя этишларини сўрайди. Зеро, меҳнатидан рози бўлмаган ишчи-ходимсиз ҳар қандай ташкилот кучдан ҳам, қудратдан ҳам қолади.

Дилшод Исломов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

← Рўйхатга қайтиш