Кутубхона – нурхона

Куни кеча парламентимиз кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кутубхона концепцияси давлатимиз раҳбарининг ғоялари билан ташкил этилди. Президентимиз 2020 йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан  илк бор учрашганда, бу ғояни илгари сурган эдилар. Ушбу кутубхона  китоб маданияти, китобхонлик ва китобга бўлган  муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда барпо этилди. Мана ҳеч қанча вақт ўтмасдан парламент қуйи палатасида кутубхонамиз замонавий ва шинам кўринишда ўз ишини бошлади. Бу ерга кирар эканмиз жуда файзли ва барча қулайликларга эга эканлигини кўриб, инсонннинг баҳри дили очилади. Парламент кутубхонаси ҳам зиё маскани, ҳам маънавият улашувчи маскан бўлди, десам асло муболаға бўлмайди.

Зиё тарқатувчи бу масканда ўқув ва  мажлислар заллари мавжуд бўлиб, китоблар турларига қараб жавонларга жойлаштирилган. Энг қувонарлиси, электрон кутубхона ҳам мавжудки, бир тугмачани босиш орқали исталган китобни очиб ўқиш имкониятига эгасиз. Ҳамма ишлар тизимли электрон вариантда амалга оширилмоқда, хатто китобхон китоб олмоқчи бўлса, электрон базага киритилади. Бу албатта кутубхоначи учун ҳам, китобхон учун ҳам қулайликлар яратилганидан далолатдир. Яна бир муҳим томони депутатлар кўпроқ қонун ижодкорлиги билан шуғулланади. Хорижий мамлакатлардаги давлатчилик ва қонунчилик ҳақида маълумот олмоқчи бўлсангиз ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ ва етарли адабиётлар мавжуд.  Юртбошимиз ислоҳотларни амалга оширар экан, ҳаммани китоб ўқишга, маърифатли бўлишга чорламоқда. Чунки, китоб ўқиган кишининг дунёқараши ва тафаккури бошқача бўлади. Ёшларни китоб ўқишини рағбатлантириш ва мотивация бериш учун уларга автомобиль совға қилинаётгани ҳам китобхонликка қизиқишни оширади. Сўнги пайтларда тан олишимиз керак кўпчилигимиз китобдан узоқлашгандик. Ҳар бир ўқув даргоҳларида китобхонлик кечалари ташкил этилиши ёшларимиз онгини бузғунчи ғоялар эмас, балки, бунёдкорлик ғоялари эгаллаши учун қилинаётган саъйи ҳаракатлардир.

Парламент кутубхонаси янги, замонавий қиёфа касб этди. Қуйи палата депутатлари учун  янги ва рақамлаштирилган кутибхона ташкил этилгани биз учун ҳам жуда қулай бўлди. Яъни беш йил ичида билимларимизни янада ошириш имконияти яратилди. Парламент кутубхонасида хорижий мамлакатлар парламенти билан ўзаро ҳамкорлик келишув меморандумлари тузилади. Масканда электрон китобларни мутолаа қилиш имкониятини яратиш мақсадида автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизими ишлаб чиқилди. Шубҳасиз бу зиё маскани келгуси авлод учун ҳам, ҳозирги авлод учун ҳам хизмат қилади. Халқ вакиллари номидан Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигамизни билдирамиз.

  

Мавжуда Ҳасанова 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси

 

 

← Рўйхатга қайтиш