ҲУНАРМАНД АЁЛЛАР КЎПАЙМОҚДА

Марғилон азалдан ўзининг атласу адрас, хонатласлари, шойию ипак гиламлари билан бутун дунёга танилган. Бугунги кунда қадим кентда ҳунармандчилик янада ривожланиб, ҳунармандлар, айниқса аёллар ишлаши, касб-ҳунар ўрганиши учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий, республикада ягона “Ҳунармандлар маркази”нинг ташкил этилган.

Жорий йилнинг  21 май  куни  Ўзбекистон  Халқ  демократик партияси марказий Кенгаши ҳамда Фарғона  вилоят  Кенгаши  масъуллари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда Марғилон шаҳар Кенгаши депутатлари “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар  маркази” фаолияти ҳамда бу ерда хотин-қизларнинг меҳнат қилиши, касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

        Шуниси эътиборга моликки, партиямиз аъзоси Иброҳимжон Султонов ташкил этган “Исмоилжон  гиламлари” хусусий  ишлаб чиқариш корхонасида икки мингдан ортиқ  хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, моҳир ҳунармандлар томонидан устоз-шогирдлик анъаналари асосида хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда, ўқитилмокда. Корхона маҳсулотлари юқори сифати билан харидорлар эътиборини қозонмоқда. 

        Ҳозирги кунда вилоятнинг Қўштепа, Риштон, Тошлоқ  туманларида марказ филлиаллари ишга тушган ҳамда вилоятнинг 10 та туман-шаҳарида марказнинг филиаллари ташкил этиш бўйича ишлар бошланган, келгусида марказ филиаллари барча туман ва шаҳарларда очилиши, шунингдек йил охиригача хотин-қизлар учун 4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.

“Исмоилжон  гиламлари” ишчи-хизматчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, ҳунарни ўрганган аёлларни касаначилик асосида ишга жалб этиш бўйича таклифлар берилди.

Лойиҳа доирасида 15 нафар аёллар ишга қабул қилинди.

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари

← Рўйхатга қайтиш