Бугунги кунда мамлакатимизда муаммолар энг кўп йиғилиб қолган, фаолияти аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган соҳалардан бири тиббиёт тизимидир. Соҳани тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳукумат томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамоатчилик, нодавлат ташкилотларининг иштироки ислоҳотлар самарадорлиги ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш якуни Кенгаш сессиясида кўриб чиқилди.
Мониторингда аниқланишича, Урганч шаҳрида 37 469 та хонадон мавжуд бўлиб, 143884 нафар аҳоли истиқомат қилади. Учта оилавий поликлиника урганчликлар хизматида. Шунингдек шаҳар тиббиёт бирлашмасида 66 та “Тиббиёт бригадаси” ташкил этилган.
Ўрганиш натижалари муҳокамасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифатини яхшилаш учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий масъулиятини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар етарлича олиб борилмаётганлиги депутатлар томонидан маълум қилинди. Хусусан, фармон ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги, айрим масалалар, мисол учун, ҳозирги кунда эҳтиёж юқори бўлган планшет ва глюкометр билан тиббиёт бригадалари таъминланмагани қайд этилди.
Партия гуруҳи томонидан ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларга таклиф юборилиб, ижроси назоратга олиниши белгиланди.
Сессияда кўрилган масала юзасидан халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашининг қарори қабул қилинди.