Моддий ёрдам ва ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламлари, жумладан, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” тизими асосида манзилли ишлаш ижобий натижалар бермоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги Ўзбекистон халқ демократик партияси депутатларининг доимий эътиборида турибди.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатишда партиянинг туман Кенгаши туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Куни кеча туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда бандлиги таъминланмаган бир гуруҳ ёшларга фаолиятларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қуроллари топширилди. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги йигит-қизларга 20 та тикув машинаси, 4 та мотокультуватор, 10 та пайвандлаш ускунаси топширилди.
Ёшлар билан суҳбатда уларга тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун тегишли тавсия, маслаҳатлар берилди.
ЎзХДП Амударё туман Кенгаши