«Тошкент беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасида бир қатор давлат ташкилотлари раҳбарлари ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Учрашувлар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшларнинг саволларига жавоб беришди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов:
«Ойликлар кам деганингизга. Биринчидан, катта корхонанинг харажатлари ҳам катта бўлади. Шунинг учун кўпгина давлатларда иш ўрнини давлат яратмаяпти. Давлат, аксинча, иш ўрнини яратиш учун имконият, шароит яратиб бериши керак. Шу боис бизда тадбиркорликни ривожлантиришга асосий урғу берилмоқда...
Корхона қанчалик кичкина бўлса, унинг харажатлари, таннарх ҳам шунча паст бўлади ва бу орқали иш ўринлари, ойликлар ҳам нисбатан яхши бўлади».
Абдували Сойибназаров, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:
БИЗНИНГЧА: Аслида йирик корхоналар давлатнинг белини бақувват қилади, қаддини кўтаради, минглаб одамларни иш билан таъминлаб, барқарор маош олиш имкониятини яратади. Бироқ ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда.
Бунинг асосий сабаби улар катталигида эмас, балки бошқарувнинг нўноқ ва эскича усулда қолиб кетганидадир.
Ҳурматли вазирнинг гапидан катта корхоналар катта ойлик бера олмайди, деган кулгули маъно ҳам тушунилмаслиги керак. Катта корхоналарнинг даромадлари ҳам катта ва кўп бўлади. Албатта, давлат тайинлаган бошлиқлар тўғри ишласа...
Охирги гап: ҳурматли вазирга кўра, давлат иш ўрни яратмас эмас, унда борларини сақлаб ҳам қололмасмикан?..
Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев:
«Биз ёшлар учун кредитлар беришда биринчи навбатда имтиёзлардан воз кечишни режалаштиряпмиз. Имтиёзсиз кредит бўлса, талон-тарож кам бўлади».
Аброр Қурбонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:
БИЗНИНГЧА: Имтиёз қачон ўзини оқламайди, қачонки тўғри йўналтирилмаса, эгаси ундан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлса. Бугун ижтимоий тармоқларда имтиёзли кредитлар ажратилишидаги нохолисликлар ҳақида аҳоли томонидан кўплаб фикрлар билдирилмоқда.
Имтиёзни бекор қилиб юбориш осон, лекин барчаси назорат остида амалга оширилса, бу кўплаб янги иш ўринлари дегани, аслида. Ахир имтиёзли кредитлар ёшлар эмас, унинг ажратилишига масъул бўлганлар томонидан талон-тарож қилинмаяптими?..
Дунё тажрибаси ёш авлод учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиришини исботлаган.
Бугун катта ҳаётга кириб келаётган ёшларга имтиёз бермасак, ёрдам қўлини чўзмасак, ёшлар келажагимиз, деб ҳайқиришдан не наф?
Савол туғилади: ҳурматли Саъдуллаев ёшларга хайрихоҳми ёки банкларнинг манфаатларини ҳимоя қиладими?
Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳамманинг энг асосий ишига айланиши зарурлиги айтилаётган бир пайтда бу каби баёнотлардан мақсад нима?..