ЎзХДП ПОЗИЦИЯСИ: Камомад ва молиявий хатоликлар кўпайиши кузатилмоқда

 

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил ҳамда 2021 йил биринчи чорак ижроси якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботлари Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида танқидий ва таҳлилий муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия билан боғлиқ мутлақо кутилмаган ва мураккаб вазиятда, молиявий қийинчиликлар шароитида ҳукумат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жамиятимизда, соҳа ва тармоқларда ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда.

Ҳисобот даврида умумий харажатларнинг 50 фоиздан ортиғи ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфлангани Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўлиқ мувофиқ келади.

Фракция аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Биринчидан, Бюджет ижроси билан боғлиқ назорат тадбирлари давомида камомад ва молиявий хатоликлар йилдан-йилга кўпайиши кузатилмоқда.

Бу Давлат бюджети ижроси бўйича амалдаги молиявий назорат тизими самарасиз ишлаётганини кўрсатмоқда. Давлат молиявий назорати тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмагани, ижро муддати кечиктирилгани фракциямиз томонидан бир неча марта кўтарилган эди. Таъсирчан қонун бўлмаса, молиявий назорат тизими замон талаблари даражасида ишлаши қийин, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, Ҳисоботларда давлат мақсадлари жамғармалари маблағларининг ишлатилиши бўйича маълумотларнинг батафсил эмаслиги реал вазиятни муҳокама қилиш имкониятларини чекламоқда.

Мисол учун, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди харажатлари 213,5 млрд. сўмни ташкил этгани ҳақида маълумот берилган. Аммо мазкур маблағларнинг қанчаси ўзлаштирилганлиги, қандай натижаларга эришилгани тўлиқ очилмаган.

Фракциямиз мазкур йўналишда шаффофликни ошириш, кейинги ҳисоботларда кенгроқ ахборот берилиши муҳим, деб ҳисоблайди.

Чунки Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ахборот ва маълумотлар соҳа ҳамда тармоқлар даражасида очиқ бўлмаса, бюджет ижроси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш қийин бўлади.

Учинчидан, Бюджет ижроси ҳақидаги муҳокамаларда яққол сезилдики, вазирликлар ўртасида хабардорлик муҳити етишмайди, айрим маълумотларда номувофиқликлар келиб чиқди, бу камчиликлар Бюджет ижроси бўйича вазирликларнинг масъулиятини ошириш зарурати кучайганини кўрсатади.

Фракциямиз ҳисоботда қайд этилган бюджет ижросидаги камчиликларни келгусида бартараф этиш мақсадида, авваламбор, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиши, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриши зарур, деб ҳисоблайди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш