Аҳоли соғлиғини сақлаш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, ташхислаш ишларини кучайтириш, умуман, тиббиёт тизимида аниқ самарадорликка эришиш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган асосий мақсад саналади. Бу борада кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли орасида юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни олдини олиш, касалликларга замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида тўғри ташхис қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳа учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдори эса йилдан-йилга оширилиб, халқаро кредитлар ҳам жалб қилинмоқда.
Жумладан, сўнгги бир йил мобайнида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди. Жорий йилда соҳага бюджетдан 21 трлн сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилди. Бироқ, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, туманлар, чекка қишлоқларда яшовчи аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезгани йўқ. Афсусланарлиси, соҳадаги талон-тарожликлар, вазифасига лоқайдлик билан қараш ҳолатлари тизимда қатор муаммоларни келтириб чиқариб, ўз навбатида бу омиллар аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида бутунлай янги даврни бошлаб беради. Қарор билан соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш масалаларига эътиборни кучайтириш каби кенг кўламдаги масалалар қамраб олинган.
Жумладан, қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида тизимдаги масъул раҳбарларга аниқ бир йўналишга эътибор қаратиш масъулияти юклатилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмаларига амалдаги штат бирликлари доирасида бошлиқнинг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари лавозими жорий қилиниб, барча вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида, ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасида, электрон тизим билан ишлайдиган бир нафардан IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади.
Мухтасар қилиб айтганда, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш сиёсати биринчи навбатда, аҳолига қулайликлар яратиш билан бирга, соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартиришга, тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга, пировардида, мамлакатимиз тиббиётини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.