ЎзХДП фракцияси: нархларни эркинлаштириш, ижтимоий ҳимояни эсдан чиқармаслик зарур

 

Бугун парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб фракция аъзоси Турсунпўлат Норбоев кун тартибидаги биринчи масала — фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб қувватлаш ва ғалла маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, яқинда Олий Мажлисга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Мурожаатнома йўллади.

Унда йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмагани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олишмаяпти. Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни Ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотишлари билан изоҳлашяпти. Дон корхоналари зарар кўраётганлиги сабабли фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяпти.

Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати фермерларни янада қўллаб-қувватлашда амалий ёрдам сўраган.

Мурожаатнома келиб тушган кундан Ўзбекистон ХДП фракциясида кенг муҳокама қилинди ҳамда ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳида фракция аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Депутатларнинг аҳоли, фермерлар ва соҳага оид мутахассислар билан ўтказган учрашувларда бугунги масала билан боғлиқ бир қатор муаммолар кўтарилган. Хусусан, жойларда фермерлар билан ўтказилган учрашувларда дон корхоналарида ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришга бозор иқтисодиёти механизмлари йўлга қўйилмагани маълум бўлди. Бу эса, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларда ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда.

Бухоро вилоятидаги “Когондонмаҳсулотлари” АЖда 50 кг ун 87500 сўмдан сотилмоқда. Лекин вилоятдаги хусусий дўконларда 50 кг ун нархи Когон туманида 121-125 минг сўмдан, Қоровулбозор туманида 130-135 минг сўмдан сотилмоқда.

Фракция аъзоси Шуҳрат Турсунбоевнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида январь-август ойларида 31 039,9 минг долларлик ун маҳсулотлар импорт қилинган бўлиб, улар асосан Қозоғистондан олиб келинган. Импорт қилинган олий навли уннинг бир килограми учун Бўка тумани бозоридаги чакана нарх 3500 сўмни ташкил этса, Паркент, Тошкент туманларида 3000 сўм, Ангрен шаҳрида 5 000 сўм, Чирчиқ шаҳрида 4000 сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, бир дона қолипли нон 600 грамм бўлиши ва унинг нархи 1200 сўм этиб белгиланган бўлса-да, жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида бир дона қолипли нон 450-500 граммда белгиланган нархдан юқори сотилаётгани аниқланди. Хусусан, Бухоро вилоятида 500 граммли қолипли нон 1200-1500 сўмдан, Қоракўл ва Олот туманларида 1750 сўмдан сотилмоқда.

Қайд этилганидек, “Ўздонмаҳсулот” АЖ компанияси томонидан шу кунга қадар ҳудудлардаги кўплаб фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб ишлари вақтида амалга оширилмаган. Бу каби омиллар ҳудуддаги учрашувларда ҳам аниқланди. Масалан, Бухоро вилоятида жорий йил ҳосилидан давлатга етказиб берилган бошоқли дон бўйича якуний ҳисоб-китоблар 2430 та фермер хўжалигида якунига етказилмаган. Вилоятда давлатга етказиб берилган дон бўйича фермер хўжаликларига тўланмаган маблағ 50 млрд. 129 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП фракция аъзолари жойлардаги ушбу вазиятга ўз муносабатини билдирди. Депутатларнинг қайд этишича, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат томонидан ун ва нон махсулотлари арзон нархда етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, ижтимой ҳимояланган аҳоли қатламига ҳар доим ҳам ун маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Бу каби омиллар партия электорати манфаатларига зиддир.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурсларни етказиб беришни бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Ғалла, ун ва ноннинг нархи эркинлаштирилиши жараёнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоялашга қаратилган зарур чораларни кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тадбирда соҳада ривожланган давлатларнинг ижобий  тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда, мамлакатимизда ғаллага харид нархи белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш кераклиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
2111-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексининг 2111-моддасига қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пастайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, таклиф этилаётган қонуннинг қабул қилиниши жойларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишбилармонларга солиқ юкини пасайтиришга ҳамда рақобатбардошликни янада ривожлантиришга кўмаклашади. Натижада иш ўринлари кўпайиб, аҳоли фаровонлиги юксалади. Бу, албатта, партия электорати манфаатларига ҳамоҳангдир.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар бўйича фракция позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш