Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири Нуробод туманида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида "Ёшларга кўмак" лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Марказий Кенгашнинг Ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари Жаҳонгир Кабиров, партиянинг Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Бадриддин Насриев, партиядан сайланган депутатлар, ҳамкор ташкилотлар иштирокидаги тадбир "Ёшлар дафтари", "Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар"га киритилган фуқаролар учун ташкил қилинган меҳнат ярмаркаси билан бошланди. Ярмаркада ўттиздан ошиқ ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Тадбирнинг илк дақиқалардаёқ ўн нафардан зиёд ёшлар доимий иш билан таъминланиб, иш берувчилар билан меҳнат шартномалари имзоланди.
Лойиҳа доирасида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, қадим қадриятларга меҳр уйғотиш мақсадида тумандаги ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди, бу борадаги устоз-шогирд анъанаси ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, туманда ташкил этилган фольклор жамоси фаолияти билан танишилди, уларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчилари тумандаги 18-сонли Болалар мусиқа мактабида ёшларга яратилган шароитлар билан танишар эканлар, бу масканда ўнлаб истеъдодларни кашф этдилар. Ёшларга ва уларнинг фидойи устозларига партия рамзи туширилган эсдалик совғалар, бадиий китоблар совға қилинди.
Лойиҳа доирасида "Депутат ва ёшлар" учрашуви ҳам ташкил этилиб, унда 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга депутатлардан жавоб олишди. Тадбирнинг фаол иштирокчи ёшларига бадиий китоблар совға қилинди.
Маълумки, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш партиянинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. Ушбу тадбирда ҳам боқувчисини йўқотган, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган, доимий иш ўрнига эга бўлмаган, "Аёллар дафтари"га киритилган уч нафар аёлга пишириқ пишириш печи, икки нафар, "иш қуролим бўлса, устачилик билан шуғулланардим" деган "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга иш қуроллари совға қилинди.
– Устачиликдан хабарим бор лекин иш қуролсиз бирон натижага эришиш қийин. "Перфератор" олишни режалаштириб юрардиму, имконини тополмаётган эдим. Чунки анча қиммат техника ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан менга бу ускуна совға қилинганидан жуда хурсандман ва раҳмат айтаман, – дейди "Ёшлар дафтари"га киритилган Ёдгор Аманов.
Тадбир иштирокчилари туманда янги қурилиб фойдаланишга топширилган Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти, спортсевар ёшларга яратилган шароитлар билан танишишди. Ёшлар билан гавжум замонавий мажмуада барча шароитлар муҳайё этилган.
– Мактабимизда болалар спортнинг 15 тури билан шуғулланишади. Натижаларимиз ҳам яратилган шароитларга муносиб бўлмоқда. Яъни, 40 нафардан зиёд республика ва осиё чемпионларимиз билан фахрланамиз,-дейди мактаб услубчиси Синдор Шавхиев.
Ёш спортчилар Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши раиси томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Тадбир меҳмонлари яқинда қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилган Ёшлар марказига ташриф буюришиб, ўзаро мулоқотда бўлишди уларга яратилган имкониятлар билан танишишди, фаол ёшларга ва бу ерда яратилган кутубхона фондига партия томонидан бадиий китоблар жамланмаси совға қилинди.
Партия томонидан ташкил этилган "Ёшларга кўмак" лойиҳаси нурободлик ёшларнинг қалбида узоқ сақланиб қолиши, уларни янги марра ва зафарлар сари илҳомлантириши, шубҳасиз.
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши