Ўзбекистонда сўнгги уч йил давомида илк бор меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда 1,7 млн юртдошимиз чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда (80%) меҳнат қилмоқда. Маълумки, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани қолаверса, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизга яқини ёшлардан иборат эканлиги мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради.
Жорий йилнинг 21 май куни Евроосиё олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида мигрантлар масаласига алоҳида урғу берилгани, шу куннинг ўзида Россияда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари” мавзусида ўтказилган Ўзбекистон-Россия форуми ҳам миграция масаласининг минтақадаги аҳамиятини белгилаб берди. Сабаби, Россиядаги меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар сони бўйича эса Ўзбекистон биринчи ўринда туради.
Бугунги кунда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида 10 дан ортиқ фармон ва қарорлар, норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ, ижобий ишлар билан бирга меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам кўп учрамоқда.
Масалан, иш берувчининг шартнома шартларини бажармаслик, меҳнат ва миграция талабларига риоя қилмаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик, солиқдан қочиш учун мигрантларни норасмий ишлатиш ҳолатлари кабилар.
Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, пенсия ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврларини белгилаш ва молиялаштириш, мигрантларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва жиноий тартибда таъқиб қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг ҳуқуқий асоси белгиланмаган.
Айнан шу каби муаммоларнинг қонуний ечимига қаратилган, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича шу соҳага оид универсал ва ҳудудий конвенцияларга, бир қатор халқаро шартномаларга қўшилиш мақсадга мувофиқ.
Айни пайтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг барча жиҳатларини комплекс тарзда тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати, шунингдек, республика халқаро шартномаларида хориждаги вақтинчалик меҳнат фаолияти соҳасидаги меъёрлар мавжуд эмас. Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқадиган вазифалар ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишни бугунги кун тақозо этмоқда.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.