Раҳбарлар одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши шарт

 

Янги Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир.

Шахснинг шаъни ва қадр-қиммати, унинг ҳаёти ва соғлиғи ёки шахсий эркинлиги такрорланмайдиган бойликдир.

Конституциямизнинг 26-моддасида, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Бироқ, орамизда бу тамойилларни англаб етмаётган раҳбарлар ҳам учраб турибди.

Яна бир давлат хизматчиси ўз ходимларини жуда қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Аудиоёзувда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Асқар Турдиқулов ўз ишчи ходимларини куракда турмайдиган, инсон шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаган ҳолда турли сўзлар билан ҳақоратлагани эшитилади. Аудиоёзувдан англашиладики, ходимлар ўзларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани муносабати билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилган. Афсуски, ходимлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилса-ю, раҳбар томонидан таҳқирланса, Янги Ўзбекистонда раҳбарларнинг янги ҳунарларими, бу?

Бугун ишчи меҳнаткашлар ҳақиқатни айтишдан эмас, айтгандан кейинги оқибатлардан қўрқиб ишлашга мажбур бўлиб қолмаяптими?

Ҳар қанақасига олганда ҳам ўз ходимларига бундай муомала кўрсатаётган раҳбарни умуман оқлаб, тушуниб бўлмайди.

Тошкент вилоят ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан ички текширув бошланганини маълум қилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу каби ҳолатларни кескин қоралайди. Зеро, бугунги кун раҳбари ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шарт. Шиддат билан кечаётган ислоҳотлар шуни талаб этади. Энг муҳими, ҳеч ким ўз ҳатти-харакатлари билан бугунги ислоҳотларга соя солишга ҳаққи йўқ.

Шу боисдан, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ушбу масала назоратга олинганини маълум қиламиз.

Бу каби ҳолатлар биргина Тошкент вилоятида эмас, балки республиканинг барча ҳудудларида ҳам учраб туради. Шундан келиб чиқиб, ХДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатлари ваколатдан фойдаланган ҳолда, иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тегишли моддаларга риоя этилмаётганлиги ҳолатини ўрганиш, шунингдек, раҳбар ва ходим ўртасидаги муомала маданияти юзасидан назоратни кучайтириш бўйича ваколатли идоралар ҳамда тегишли органлар томонидан ўрнатилган чоралар кўрилиши бўйича депутатлик сўрови юборади.

Шунингдек, партия барчани меҳнат муносабатларига оид қонун бузилиш ҳолатларига қарши курашишга чақиради.

Ходимларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши, кенг жамоатчилик бу ҳақда хабардор этилиши лозим.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ваколатли ташкилотлардан тегишли ўрганиш ҳамда расмий муносабат кутиб қолади.


Ўрол Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш