25 май куни nuz.uz интернет сайтида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи Алла Соннинг бошпанасиз қолгани ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинди. Уни ота-онасидан мерос қолган уйга киролмаётгани ҳақида синглиси Юлия Сон маълум қилган.
Лавҳада маълум бўлишича, 75 ёшли пенсионерни туғишган укаси Роберт Сон уйни яшашга буткул яроқсиз ҳолатга келтириб уни чиқариб юборган. Натижада Алла Сон кўчада қолиб, сарсон-саргардон бўлган.
Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин қораланмоқда. Албатта, кекса ёшли, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога нисбатан бундай муносабат жамият учун оғриқли ҳолатдир. Маҳаллий ҳокимият, маҳалла фуқаролар йиғини қийин вазиятга тушиб қолган фуқарога эътибор қаратмаганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фуқаро Алла Соннинг мерос ҳуқуқи ва бошқа қонуний манфаатлари мутасадди ташкилотлар томонидан ҳимоя қилиниши ва унга зарур ёрдам кўрсатилишига умид билдиради.
Ушбу масала ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши томонидан назоратга олинди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати