ИСТЕЪДОДЛАР МАСКАНИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд вилоятида ташкил этилган "Ёшларга кўмак" лойиҳаси кўтаринки кайфиятда ўтди. Тадбир доирасида ХДП Марказий Кенгашининг Ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари Жаҳонгир Кабиров, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев, партия депутатлари ва фаоллари вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида бўлишди.

Тадбир иштирокчилари муассасада болажонлар учун яратилган шароитлар ва моҳир қўллар, спорт, компъютер саводхонлиги, сартарошлик, мусиқа каби тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Сўнг болажонлар билан давра суҳбати ташкил этилди ва меҳмонлар  болажонларни яқинлашиб келаётган 1-июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклашиб, партиянинг эсдалик совғаларини топширишди. Давра суҳбатида болалар "Партияга аъзо бўлсам бўладими?", "Депутат бўлиш учун нима қилиш керак?" "Ўзим шеър ёзганман, китоб қилсам бўладими?" каби ўнлаб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.  Бир сўз билан айтганда партия вакиллари болажонлар ичидан ўнлаб истеъдодларни кашф этишди, уларнинг мақсадларидан келиб чиқиб, йўл-йўриқ кўрсатишди.

– “Меҳрибонлик” уйимизда 124 нафар бола тарбияланмоқда. Улар учун давлатимиз томонидан ҳамма шароитлар яратилган. Болаларимизнинг  илмга, ҳунар ўрганишга иштиёқлари баланд. Вилоят, республика миқёсида эътироф этадиган ютуқларимиз бор. Ракетамодел яратиш мусобақасида тарбияланувчимиз Фазлиддин Исматов республикада биринчи ўринни эгаллади. Дилшод Умиров ҳам шахмат-шашка бўйича мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Бундай ёшларимиз  фахримиз, албатта, – дейди маскан директори Мавжуда Фахрутдинова.

Партия фаоллари, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби" тўғрисидаги қарор ижросини ўргандилар ва бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олишди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши

← Рўйхатга қайтиш