2021 йил 23 май куни “kun.uz” информацион сайтида “Улкан механизм ичига кириб қолган қум зарраси” сарлавҳаси билан Петербурглик аёл – терактда айбланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Шоҳиста Каримова ҳақида тарқалган мақола барчамизнинг қалбимизни ларзага солди.
Болам-чақам деб, тирикчиликнинг қаттиқ нонини ейиш учун хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг турли муаммоларга дуч келаётгани ачинарли ҳолат, албатта.
Бугунги кунда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш, унинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳар бир мамлакат олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Миграция масалалари, айниқса, охирги ўн йилликда жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган минтақавий ва маҳаллий низолар, ишсизлик, қашшоқлик каби муаммолар замирида янада аҳамиятли бўлиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 250 миллиондан ортиқ шахс миграцион жараёнларнинг иштирокчиси ҳисобланади.
Мамлакатимизда мигрантлар ҳуқуқларини кафолатлаш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлашни истаган шахсларни ўқитиш, чет элда бўлиш пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, шунингдек қайтиб келган меҳнат муҳожирлари, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)ни Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) билан ҳамкорликда Шоҳиста Каримовани Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган 5-сонли тергов изоляторидаги ҳолатини ўрганишга чақиради. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлат ҳимоясида эканлигидан келиб чиқиб, ҳеч бир фуқарони эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Аввало унинг аёл эканлиги, ёши, беморлиги, ички қон кетиши ва тушунарсиз неврологик касалликларини инобатга олган ҳолда, жазосини юмшатиш ёки жазони Ўзбекистонда ўташи учун экстрадиция қилиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Ҳозирги пайтда тушунмовчиликлар ва арзимас сабаблар билан бошига мусибат ёки муаммолар тушган Шоҳиста Каримовга ўхшаган юртдош муҳожирларимиз кам эмас. Шунинг учун муҳожирлар мавзуси, уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бундан кейин ҳам ЎзХДП, парламентдаги фракцияси ва ҳудудий ташкилотларининг устувор мақсади бўлиб қолаверади. Шу мақсадда ХДПнинг ҳудудий Кенгаш депутатлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда меҳнат муҳожирлари билан уларнинг хорижий давлатлардаги қонуний ҳақ-ҳуқуқлари мавзусида мунтазам тартибда учрашувларни ташкил этмоқда.
Қолаверса, айни пайтда ХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ижтимоий кўмакка муҳтож, меҳнат қилиш мақсадида хорижий давлатларга кетишни режалаштираётган ёшларни ўзини ўзи банд қилишга ҳамда кичик бизнес очишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси устидан назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда.
Абдували Сойибназаров,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати раҳбари