Инсонни таҳқирловчи жиноятлар қатъий жазоланиши шарт

Бугун ижтимоий тармоқларда уч нафар  аёл киши томонидан жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган қизнинг калтаклангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Жабрланувчи фақат орадан бир кун ўтиб касалхонага келтирилган. Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин қораланмоқда.

Албатта, ҳимоясиз қизчага нисбатан бундай таҳқирона муносабат барчани жунбушга келтирди. Бундай шафқатсиз лавҳаларни кўриб, ўйга толасан киши. Орамизда бемеҳр, жоҳил, маънавий тубан аёллар қачон пайдо бўлди? Ахир, бизнинг ўзбек аёлларимиз меҳр-муруввати, одоби, ахлоқи билан бошқа жамият аёлларидан ажралиб турмасмиди?.. Балки, бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз, болалар тарбиясига бепарволигимиз мана шундай хунук воқеаларга сабаб бўлаётгандир.

Мазкур хатти-ҳаракатни Халқ демократик партияси нафақат ҳуқуқбузарлик, балки ғайриқонуний, инсон ҳуқуқларига қарши ҳаракат, деб билади. Шахсга нисбатан, айниқса, ногиронлиги бўлган қизчага тазйиқ ўтказиш, қўрқитиш, қийноққа солиш, унинг шаъни қадр-қимматини топташ, нафақат ғайриқонуний, балки ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатдир. Шу нуқтаи-назардан айбдорларга қатъий жазо берилиши шарт. Токи бу чора эртага ибрат бўлсин.

Жамиятда “самосуд” ҳолатларининг кўпайиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг одиллигига ишончни сўндиради, ҳамма ўзича жазолашга ўтиб олади. Шунинг учун инсон таҳқирланган ҳолатларга нисбатан қатъий жазо тайинланиши зарур.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ҳодиса айбдорларини топиб жазолашга чақириқлар кўпаймоқда. Бу нотўғри муносабатдир. Инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати топталиши билан боғлиқ ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз вазифасини бажариши зарур.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш