Улуғнор – эътибор марказидаги ҳудуд

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Андижон вилоятининг Улуғнор туманида “Эътиборимиз марказидаги ҳудуд” лойиҳаси ўтказилди.

Тадбирлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Андижон вилоят, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Улуғнор туманидаги “Чўлобод”, “Фазогир”, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ёлғиз кексалар яшайдиган хонадонларга бориб, уларнинг яшаш шароитлари, муаммоларини ўрганди.

Эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бўлган шахсларга махсус аравачалар, қўлтиқтаёқ, эшитиш аппаратлари топширилди. Улар кўтарган муаммоларни ҳал этиш депутатлар томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, тадбир доирасида маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Касаллик аниқланган, даволанишга муҳтож фуқароларга мутахассислар маслаҳати берилди, тегишли ёрдамлар кўрсатилди.

Иккинчи ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги мактаб ва тиббиёт муассасаларининг аҳволи, уларнинг моддий-техник таъминоти билан танишди. Ўрганиш давомида тумандаги 14-сонли умумтаълим ўрта мактаби кутубхонасига Халқ демократик партиясининг совғаси – йирик тўпламдаги китоблар жамланмаси ҳадя қилинди.

Ишчи гуруҳ ташаббуси билан Ёшлар парламенти аъзолари, волонтерлик гуруҳлари жалб этилган ҳолда тумандаги “Янгиобод” маҳалласида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган 4 оиланинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керак, мазкур акция ҳар бир вилоятда ташкил этилади ва ҳудуддаги энг чекка туман танлаб олиниб, ҳар ойда бир маротаба, ойнинг учинчи ўн кунлигида биттадан туманда ўтказилади.

Ўзбекистон ХДП Андижон

вилоят кенгаши

← Рўйхатга қайтиш