Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шерзод Раҳмонов халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашига Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар, туман ҳокимлиги масъул ходимлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда “Темир дафтар”га киритилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож ёш оилалар, хотин-қизларни рўйхатдан чиқариш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларнинг самарадорлиги кўриб чиқилди.
Таъкидландики, белгиланган тартибга кўра, ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар аниқланиб, улар “Темир дафтар”га киритилади ва бундай фуқаролар билан якка тартибда ишлаш йўлга қўйилади. Меҳнатга лаёқатли фуқаролар ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланади ёки ўз-ўзини банд қилиш орқали уларнинг даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарори асосида амалга оширилади. Рўйхатдан чиқарилган оилалар яна камбағалликка тушиб қолмаслигининг олдини олиш мақсадида маҳалла ва ҳокимлик назоратида бўлади.
Депутат Шерзод Раҳмонов “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фақат давлат томонидан бериладиган кўмакка суяниб қолмаслиги, боқимандалик кайфиятига берилмаслиги, уларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, ўз даромадига эга бўлишга кўмаклашиш депутатлар олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, “Темир дафтар”га киритиш ва ундан чиқариш мезонларига амал қилинишига эътибор қаратиш, бунда депутатлар фаоллигини ошириш масаласига ҳам тўхтаб ўтилди.
Бундан ташқари, Шофиркон туманида давлат-хусусий шериклик асосида уй-боғчалар ташкил этиш, коммуникация тармоқлари, йўл қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.