Ғояларимиз тарғиботидан одамлар мамнун

Мусаффо ҳаво, гўзал табиат, танти ва бағрикенг инсонлар. Буларнинг барчаси Чирчиқ шаҳри номи билан бир сатрда тилга олинадиган жиҳатлардир. Сўнгги пайтларда ташаббускорлиги билан ҳам кўпчиликка намуна бўлиб келаётган чирчиқликлар кеча сайловолди тарғиботига бағишланган тадбирда ҳам фаолликни қўлдан бермади.

8 октябрь. Соат 14:30-15:00 ораси. Тадбир бошланишига ҳали анча вақт бор. Лекин “Кимёгарлар” маданият саройи аллақачон одамлар билан тўлган. Кимдир фарзанди, яна бошқаси эса дўстлари билан тадбир ҳақида баҳс юритади. Баъзи ёши улуғ отахонлар набираларининг саволларига ўйчан жавоб беряпти. Бу манзарадан руҳланган ташкилотчилар ора-орада улар билан танишишга ҳам улгуряпти.

Ана шундай юқори кайфият “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори билан ўтказилган тадбирнинг сўнгига қадар давом этди. Тадбир бошланганида маданият саройи одамлар билан тўлган эди.

Ҳеч кимга сир эмас, жорий йилнинг декабр ойи муҳим сиёсий воқелик билан мамлакатимиз тарихидан жой олади. Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун сайловлар халқимиз ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Шундай экан, унга тайёгарлик кўриш ва ўтказишда алоҳида масъулият зарур. Айниқса, юртимиз тараққиётнинг янги босқичларидан одимлаётган айни даврда муҳим ҳисобланади. Жорий йилги сайлов учун тамомила ўзгача руҳдаги сайлов компанияси бошланди. Мазкур жараёнга ноодатий ташаббус ва ғоялар билан кириб келаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз сайловолди тадбирларини бутунлай янги кўринишда ўтказишга киришган. Халқ орасида, аҳоли гавжум жойларда, муҳими барча учун қулай ва мақбул масканларда ташкил этилаётган оммавий тарғибот ишлари кўпчиликнинг эътиборини тормоқда. Бу борада ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ҳам аҳолини мамнун этишга ҳаракат қилмоқда.

Кимёгарлар” маданият саройидаги тадбирда сўзга чиққанлар сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди. Турли беллашувлар, болажонлар учун ташкил этилган интерактив ўйинлар ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир давомида Чирчиқ шаҳар маданият уйи санъаткорларининг чиқишлари эса барчага кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Тўғриси айтсам, “бўларканку шунқа тадбир ўтказса ҳам”, деган хитобни кўпчиликдан эшитдим, — дейди Зулфия Қодирова Чирчиқ шаҳар 24-сон Ёшлик мфй мутахассиси. — Одамларнинг кайфияти, фаоллигини кўриб хурсанд бўлдим. Йиғилганлар орасида ёшларнинг кўплиги ёши улуғ ҳамюртларимизнинг ғайрати ғайрат қўшди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқларига рақс тушмаган одам қолмади, назаримда. Ўйлайманки, партиянинг бундан кейинги ишлари ҳам, тадбирлари ҳам мана шундай оддий одамлар орасида, халқ билан ҳамнафас давом этади.

Чирчиқ шаҳридаги педагогика институти талабасиман, — дейди Сурайё Муратова. — Авваллари ҳам партия тадбирларида қатнашганман. Ростини айтсам, уларнинг кўпчилигидан бугунги олганимдек таассурот ва маълумотга эга бўлмагандим. Айниқса, турли беллашувлар уюштирилгани, йиғилганларга ўз иқтидори ва қобилиятини намойиш этиш имконини берди.

Партияни бир неча йилдан бери яхши биламан, унинг ғоялари менга ёқади. Лекин тадбирлари зерикарли эди, — дейди Юрий Кафеджиф. — Бугунги тадбир ҳақида жаргончасига фақатгина “вуов” дея оламан. Хайратдаман ва энди маърузабозликка йўл қўйилмаслигини чин дилдан тилайман. Негаки бугунги кун кўпчиликнинг хотирасида унутилмас кун бўлиб қолади.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш