Соғлом турмуш тарзига риоя этиш кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Ривожланган давлатларда бу аҳоли учун олтин қоидага айланиб улгурган. Соғлом турмуш тарзининг биринчи асосий қоидаси спорт билан мунтазам шуғулланишдир. Қолаверса, спорт билан ошно бўлиш одамни иродали, кучли, мард ва ватанпарвар қилиб тарбиялайди.
Шу боисдан юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада турли спорт мусобақалари, оммавий тадбирлар ташкил этилаяпти.
Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят ва Янгиариқ туман кенгашлари, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ёшлар ва аёллар ўртасида ўтказилди. Унда нафақат ёшлар, балки партия туман Кенгашининг аёл депутатларидан иборат жамоаси ҳам фаол иштирок этди.
Мусобоқада фаол иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган ёшларга партиянинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишига, спортни оммалаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
ЎзХДП Хоразм вилоят Кенгаши