Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига "Реклама тўғрисида" ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан биринчи ўқишда қабул қилиш учун киритилди ҳамда депутатлар томонидан қабул қилингани тўғрисида жамоатчиликнинг хабари бор.
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу Қонун лойиҳасининг айрим моддалари тўғрисидаги фикрлар кенг муҳокама этилмоқда, айниқса реклама бозорининг ривожланишига жиддий зарар бериши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳолат жуда ҳам ижобий бўлиб, кучли фуқаролик жамиятининг ажралмас бир бўғинидир. Ҳар қандай Қонун лойиҳаси маълум бир тизимнинг манфаатларини кўзлаб эмас, албатта кенг жамоатчиликнинг ана шундай "ҳолис бахолари" асосида атрофлича ўрганилиб, қабул қилиниши келажакда Қонун нормаларининг тўғри ишлашига хизмат қилади.
"Реклама тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Биринчи ўқишда асосан Қонун лойиҳасининг концепцияси ва янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурати, ушбу Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали эришиладиган натижалар муҳокама этилса, иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилиб, сўнг қабул қилинади. Шунинг учун ҳозирда Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик Кенгаши аъзолари, Қонун ижодкорлари, Реклама индустрияси миллий ассоциацияси раис ўринбосари ҳамда мутахассислари, Миллий телерадиокомпания вакиллари, ташқи реклама бозори вакиллари, шунингдек, соҳадаги эксперт мутахассислар иштирокида ҳар бир модда бўйича асослантирилган маълумотлар муҳокама этилмоқда. Халқаро тажриба билан бир қаторда манфаатдор соҳа мутахассисларининг асослантирилган маълумотлари асосида бир қанча моддалар чиқариб ташланмоқда ёки ўзгартириш киритиш жараёнида. Қўмита томонидан иккинчи ўқишга тақдим этилаётган нормалар ҳамда барча депутатларнинг таклифлари инобатга олингани ёки чиқариб ташлаш сабаблари бўйича Қонун лойиҳаси маромига етказилганидан сўнг қўшимча маълумот тақдим этилади.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.