Жорий йилнинг 27 май куни Нукусдаги Aллаяр Досназаров кўчасида бир гуруҳ аёллар нафақа пуллари берилмаётгани учун йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар тарқалган, ушбу ҳолат юзасидан Нукус шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз расмий муносабатларини билдирган эди.
Қисқа вақт ичида нафақа олувчиларнинг пластик ҳисоб рақамига тегишли маблағлар ўтказиб берилгани маълум қилинган.
Шу ўринда бир қизиқ ҳолатга эътибор қаратмоқчимиз. Нукус шаҳрида бу каби ҳолатлар биринчи маротаба рўй бераётгани йўқ.
Бундан аввал ҳам фуқаролар жамоат ишлари учун иш ҳақи тўланмаганлиги сабабли йўлни тўсиб қўйгани, бундан ташқари газ ва чироқ йўқлигидан нозрозилик билдириб тасвирланган видеолар тарқалганди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республикаси ҳудудида ижтимоий соҳадаги муаммоларни бартараф этиш масалаларида масъулиятни оширишни сўрайди. Айниқса, ҳудудда масъуллар ўз вазифасини тўлақонли бажармаётгани ижтимоий ва таълим тизимида, уй-жой масаласи, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларни бериш, ичимлик сув, электр таъминоти, табиий газнинг етишмаслиги, ички йўллар масалалари аҳолининг мурожаатларига сабаб бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, партия мутасаддиларнинг ҳудуддаги муаммоларга жиддий қараши, қачонки ижтимоий тармоқларда кўтарилсагина ҳаракатга тушмасдан, халқ ичига кириб бориши, уларни қийнаётган муаммолардан бохабар бўлиб, таъсирчан чоралар кўришни талаб қилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгесдаги партия гуруҳи ҳудудда ижтимоий масалаларни ўз назоратига олади. Партия вакиллари ва депутатларнинг ўрганишлари айбдорларни излаш эмас, балки масалаларнинг очиқ-ойдин ўртага олиб чиқилиши, сабаблари аниқланиши, тўсиқларни олдини олиш ва муаммоларни ҳал этиш йўлларини излашга қаратилади.
Ўзбекистон ХДП
Қорақалпоғистон республика кенгаши