Видеомулоқотдан репортаж: Фикрлар хилма-хиллиги, танқидга муносабат ва холис хулоса...

Узундан-узоқ гапирмоқчи эмасмиз. Хабарингиз бор, ҳафтанинг ҳар сешанба куни ЎзХДП Марказий Кенгашида видеомулоқот ташкил этилади. Навбатдаги анжуманни “ўтказилди, бўлиб ўтди”, деган усулдан қочиб, бугунги тадбирни сизга жонли тарзда етказишга ҳаракат қиламиз:

Видеомулоқот ўтказиладиган залга бирин-кетин партия фаоллари кириб келишяпти. Кимдир ёнидаги ҳамроҳига партия дастури лойиҳаси ҳақида фикрини айтаяпти, кимдир эса электорат манфаатлари билан боғлиқ таклифлар тайёрлагани ҳақида сўзлаяпти. Хуллас, иш қизғин. Муҳокама марказида партия Дастури ва Сайловолди дастурини такомиллаштириш: муаммо ва таклифлар мавзуси бўлди.

Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов видеомулоқотни бошлаб берди:

– Маълумки, жорий йилнинг 9 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишимизда, партиянинг дастурий ҳужжатлари, хусусан партиянинг Дастури ва Сайловолди дастурининг лойҳаларини партия фаоллари ва экспертлар, депутатлар иштирокида қизғин муҳокама қилиб олган эдик.

Ўтган давр мобайнида муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларингиз, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Тайёрланаётган партиянинг дастурий ҳужжатлари лойҳаларига танқидий ёндашилди. Партиямиз фаоллари томонидан билдирилган ўринли эътирозлар ва таклифлар эътиборга олиниб, партиянинг дастурий ҳужжатларида хотин-қизлар ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор берилди.

Шунингдек, партиянинг дастурий ҳужжатларини халқчил, одамлар ҳаётига яқин, уларнинг манфаатига асосланган бўлиши борасида ишчи гуруҳ томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Мен ўйлайман-ки, шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ партия дастурининг жозибадорлиги янада оширилди.

Бундан ташқари, партиянинг янги таҳрирдаги Дастури ҳамда 2019 йилги Сайловолди дастури лойиҳалари эксперт, олимлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, партиянинг бошланғич ташкилотлари, туман (шаҳар), вилоят кенгашлари ҳамда партия фракцияси ва гуруҳларини жалб қилган туркум давра суҳбатлари давомида муҳокама қилиниб, уларни янда такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар олинди.

Бугунги йиғилишимизда, жойларда ўтказилган муҳокамалар натижаларидан келиб чиқиб, партиянинг Дастури ва Сайловолди Дастури лойиҳаларини янда такомиллаштириш бўйича олинган таклиф, фикр-мулоҳазаларни кўриб чиқамиз.

Танқидий фикр инобатга олиндими?

ЎзХДП фаоли Шарбат Абдуллаеванинг партия дастури лойиҳасига бўйича билдирган таклифи унда акс этдими? Кузатишда давом этамиз...

 

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоевга сўз берилди:

– Сизларнинг муҳокамангизга партиямизнинг Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари тақдим қилинди. Ушбу хужжатлар ўзаро бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган партиянинг дастурий режаларидир.

9 июль куни бўлиб ўтган видеоселекторда партиядошимиз Шарбат Абдуллаева Дастур лойиҳаси бўйича фикр билдириб, “дастурда – партия мафкурасини кўрмаяпман” деб таъкидлаб ўтган эди. Мен ушбу танқидий фикрга тўлиқ қўшиламан, хақиқатдан ҳам, партиянинг Дастурида унинг мафкураси аниқ белгиланиши керак.

Чунки, биз олдинги сайловлардаги тажрибамизда партиямиз мафкураси тўғрисида гап кетганда, жуда қийналганмиз. Партиямиз мафкурасини ҳар биримиз ўзимизнинг савиямиздан келиб чиқиб, турлича талқин қилганмиз.

Шунинг учун, бугун тақдим этилаётган Дастурда биз партиямиз мафкурасини - қисқа, лўнда ва тушунарли қилиб беряпмиз.

Видеомулоқот давом этяпти. Унда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни сизга етказиб борамиз.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш