Исломобод шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси 2021 йил 31 май куни Покистон Ислом Республикаси Сенати раиси Содиқ Санжрани билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон юқори ва қуйи палаталари ўртасида тузилган дўстлик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этишди.
Мулоқот аввалида С.Санжрани сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни, шунингдек халқаро миқёсдаги ташаббусларни юқори баҳолади. Шу ўринда Покистон Сенати раиси давлатимиз раҳбарининг одилона ички ва ташқи сиёсати, мамлакатда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар сўзсиз аҳоли фаровонлигига, уларнинг яшаш даражасини юқори поғонага олиб чиқишга қаратилганлигини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон ва Покистон давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган видеоанжуман шаклидаги учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларни юқори баҳолаб, мамлакат парламенти томонидан тўлалигича қўллаб-қувватланганлигини маълум қилди.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нафақат икки томонлама балки, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини эътироф этиб, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратди.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, яъни, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, қўмиталар, депутатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашишга келишиб олдилар.
Мулоқотда томонлар парламентлараро ҳамкорликнинг янги форматлари икки мамлакат раҳбарлари ўртасида келишилган сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, илмий, туристик ва маданий соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Ўзбекистон парламенти делегациясининг расмий ташрифи давом этмоқда.