Халқимизда "ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор", деган нақл бор. Дарҳақиқат, ўтган бир йилдан ошиқ вақт давомида дунё аҳолиси бошига бало бўлган пандемия инсоният юзига тутилган ойна бўлгани ҳолда анъанавий иқтисодий тармоқларнинг вақтинча тўхташига олиб келди, мамлакатларни “сарагини саракка, пучагини пучакка” чиқариб қўйди. Бунинг оғир юки эса доимгидек, аҳоли гарданига тушиб, турмуш даражасининг кескин пасайишига сабаб бўлди. Очарчилик ва тўйиб овқат емаслик, харид қобилиятининг заифлашиши, ижтимоий муаммоларнинг ортиши ва барқарорликка путур етишига олиб келди, бу давр. Ушбу муаммолар ХХ аср охирларидан бошлаб тилларга кўчган “яшил иқтисодиёт” тушунчасининг амалий аҳамияти нақадар юқори эканини яққол кўрсатди.
Дунёни бирлаштирган муаммо
Маълумки, куни кеча Сеул шаҳрида “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити видеоанжуман шаклида ўтказилди. Форумда иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими шартларини бажариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар таҳлилларига кўра, кўп ресурс талаб этувчи эски анъанавий иқтисод харажатларнинг ошишига ва ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Энг асосийси, табиатга чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорини камайтирмасдан туриб, “яшил иқтисодиёт” мақсадларига эришиш мумкин эмас. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш эса экологик рискларни камайтиради.
2012 йил 20-22 июнь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида барқарор ривожланиш мақсадларига бағишлаб ўтказилган конференцияда иштирок этган давлатлар “яшил” иқтисод концепциясини яратиш бўйича бир тўхтамга келишган эди. Концепцияни ҳаётга татбиқ этиш аҳоли саломатлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга олиб келиши эътироф этилган. Бу борада кўзда тутилган мажбуриятнинг бажарилиши эса, дунёни 20 йилдан кейин қандай кўриш истагини реалликка айлантиради.
Жанубий Корея пойтахтида бўлиб ўтган форум ҳам халқаро миқёсда бу борадаги ўзаро “соатларни тўғрилаб олиш” имконини берди. Тадбирда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан мазкур халқаро саммитнинг нуфузли меҳмонларидан бири бўлди.
Сеул саммитидаги нутқида Ўзбекистон Президенти “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди. Хусусан, “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш ҳисобидан Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш йўналишида. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон БМТ қошида тузилган махсус Траст фонди ҳамда P4G платформаси доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзламоқда.
Яна бир муҳим йўналиш “яшил энергетика”ни ривожлантириш орқали углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Бунинг учун мамлакатимизда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон яқин ўн йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ҳозиргидан уч баробар кўпайтиришни мақсад қилган. Қолаверса, минтақада мавжуд гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятдан оқилона фойдаланиш, бунинг учун қўшни давлатлар билан яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга устуворлик берилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз чиқишида 2022 йил Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Шубҳасиз, конференция “яшил” энергетика соҳасига доир қимматли илмий ишланма ва хулосаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда муҳим амалий қадам бўлади.
Давлатимиз раҳбари халқаро минбарларда туриб қайси мавзуда фикр билдирса, бу соҳага ёшларни фаол жалб қилишга ундайди. Бу эса, нафақат ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки муайян масаланинг истиқболдаги ечимида ёшларнинг ўрни муҳимлигига ҳам нозик ишорадир. Бу сафар ҳам Шавкат Мирзиёев “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишда ёшларни фаол жалб этиш бўйича Махсус дастурни амалга оширишга киришишни таклиф этди. Ушбу ташаббус, шубҳасиз, келажакда “яшил”, яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантириш, ёшларнинг табиатга муносабатини тўғри ривожлантириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси