Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қонун билан кафолатланади

 

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.

Хусусан, Бола ҳуқуқларини таъминлашга оид Ўзбекистон Республикасининг сиёсатини амалга ошириш БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига асосланади, улар 100 дан ортиқ қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда амалга оширилади, улар орасида Республика Конституцияси устувор ўрин тутади. Ўзбекистонда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, Оила кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик органлари тўғрисида”ги ва "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунлар ва бошқалар ҳужжатлар болалар ҳуқуқларига риоя этилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Уларда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш; унинг камситилишига йўл қўймаслик; ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби бу борадаги сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан — менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомала, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳимоя қилиш, миллий меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали муҳим ислоҳотлар бошланди. Мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш тугатилди. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларни, шунингдек, ногирон болаларни интернатларга жойлаштиришни камайтириш ва олдини олиш мақсадида болаларни деинституционализация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги бошқа шартномавий органлари томонидан олиб борилган болалар ҳуқуқларининг халқаро мониторинги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш тўғрисидаги учинчи-тўртинчи миллий маърузаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича якуний кузатувларида барча тадбирларни мувофиқлаштириш учун ягона давлат органини яратиш зарурлигини таъкидлади. Мамлакатда Конвенцияни амалга ошириш билан боғлиқ болалар ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш, шу мақсадда Бола ҳуқуқлари бўйича комиссар институтини ташкил этиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётнинг барча турларини ўз ичига олган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни тўлиқ амалга оширишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини тавсия этди.

Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида, Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилди, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизими яратилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди.

Болалар Омбудсмани институтининг ташкил этилиши жамият учун болалар муаммоларига эътибор кўрсаткичи бўлиб, уларнинг ўз ҳуқуқларига эга бўлган шахс сифатида ижтимоий аҳамиятини тасдиқлайди ва айнан шу муносабат билан болаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш жараёни бошланади. Мамлакатда болалар ва ёшлар томонидан тақдим этиладиган бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий мониторинг тизими яратилган.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Европада (Aвстрия, Бельгия, Германия, Дания, Исландия, Испания, Люксембург, Россия, Норвегия, Финляндия, Швеция) ва Лотин Aмерикасида (Гватемала, Колумбия, Коста-Рика, Перу), шунингдек Канада, Исроил ва Янги Зеландияда болалар бўйича Омбудсман институти фаолият кўрсатмоқда. Болалар учун Омбудсман институти ва унинг яратилиши мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини назорат қилишнинг ажралмас қисмидир.

Болалар Омбудсмани БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегияси ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Шунингдек, аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш ҳамда мониторинг юритиш каби кўпгина муҳим вазифаларни амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ўз ваколатларини давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва уни Олий Мажлис палаталарнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортиш, ҳибсга олиш, қамоққа олиш ёки суд томонидан тайинланадиган маъмурий жазога тортиш мумкин эмас.

Барчамизга маълум, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди.

Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, Бола ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган Омбудсманлар фаолияти бола манфаатлари йўлида давлат бошқарувини такомиллаштириш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қоидаларини қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш, боланинг шахсига ҳурматни кучайтириш, жамоатчилик онги даражасини ошириш, давлат тузилмалари томонидан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ҳамда энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

"Болалар Омбудсмани тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ жамоатчилик билан алоқаларни тартибга солиш, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасида болалар ва ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳужжатларнинг қоидаларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

Умуман, бугунги кунда Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос миллий-ҳуқуқий тизим шаклланган бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз бу йўлда дадил қадам ташлаётган давлатлардан биридир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг зарур ҳуқуқий базаси яратилди. Унга кўра, бола ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилиб, давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг изчил олиб борилаётган фаолиятида намоён бўлмоқда. Шу боис, бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар ва кафолатлар яратиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.

 

Дилбархон Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш