Давлатимиз раҳбари 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Мазкур жараёнда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишилади.
Ташриф Шеробод туманидан бошланди. Унда воҳа аҳли ҳаётида асрга татигулик катта янгилик бўлди. Яъни, Шеробод туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан Президентимиз унинг пойдеворига капсула қўйиш маросимида иштирок этиб, вилоят ва туман фаоллари ҳамда меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди. Туманда қуёш энергияси ишлаб чиқиш учун 601 гектар ер ажратилган. Янги лойиҳанинг ишга туширилиши 300 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. 100-120 киши доимий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, уни амалга ошириш жараёнида ҳар йили 340 миллион куб-метр табиий газ тежаб қолинади.
Бир нарсани эътироф этишимиз керак. Бундан бир неча йил илгари Сурхондарёнинг бошқа вилоятларга нисбатан ривожланиши анча орқада эди. Бугунги кунда эса, вилоятда амалга оширилаётган ўзгаришларни кўриб ҳамма ҳавас қилмоқда.
Ташриф чоғида юртбошимизнинг оддий инсонлар хонадонига кириб, улар билан самимий суҳбати ҳар бир шерободликларни тўлқинлантирди, руҳлантирди, десам асло муболаға бўлмайди. “Катта боғ” маҳалласидаги Абдураҳмон Каримовларнинг хонадонига бориб анорчиликнинг сир-синоати билан танишиб, деҳқоннинг машаққатли меҳнати ва суҳбатини эшитган давлат раҳбари у кишини давлат мукофоти билан тақдирлашини айтиши, ўйлайманки, ҳар бир сурхондарёликни янада ерга бўлган меҳрини, ватанга бўлган садоқатини юксалтирди.
Президентимиз хонадон соҳибларига агар қани эди ҳар бир оила сизлардек меҳнат қилиб, оиласини бутласа, мамлакатимизда камбағал оилалар бўлмасди, давлатнинг вазифаси тинчлик ва осойишталикни асраш дея таъкидлади. Туманда 5 мингдан ортиқ аҳоли анор етиштириш билан шуғулланиб, ундан катта даромад олади. Суҳбат чоғида шунингдек, давлатимиз раҳбари таълим-тарбияга, ўқитувчиларга эътибор қаратишимиз, уларнинг ҳурматини жойига қўйишимиз керак деб таъкидлади.
Ўзим ҳам боғдорчиликка қизиқишим баландлиги туфайли ҳар гал қишлоққа борганимда аҳолининг томорқасидаги деҳқончилиги, уларнинг боғларини кўздан кечираман. Энг асосийси, ушбу жараёнда одамларнинг ҳаёт тарзи ўзгаргани, уларнинг эришаётган ютуқларини кўриб, тўғриси қувонаман.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Сурхондарёга ташрифи вилоят тарихида янги саҳифа очди. Аҳолининг кайфиятини кўтариб, уларни янги марралар сари руҳлантирди.
Ташриф давом этмоқда.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.