Ўтган асрнинг 60-йилларида Германияда ҳарбий хизматни ўтаган қишлоқдошимнинг ҳикояси ҳеч эсимдан чиқмайди. У бундай деганди: “Берлиннинг шундоққина биқинидаги ҳарбий қисмда хизмат қилдик. Вақти-вақти билан шаҳарга патрулликка чиқиб турардик. Гоҳ кундуз, гоҳ тунда бўлсин, шаҳар кўчаларида қариялардан бошқа бирон кимсани учратмасдик. Бундан ҳайрон бўлиб, бир куни уйларининг олдидаги ўриндиқда суҳбатлашиб турган қарияларни гапга тутдик: Нега шаҳарда ёшлар кўринмайди, нега парклар бўм-бўш?
Қариялардан бири бизнинг саволларимизга шундай жавоб берди: Ёшларнинг кўча, паркларда тараллабедод кезиб юришга вақти йўқ. Баъзилари заводда дастгоҳ ёнида, баъзилари кутубхонада, улар хароб бўлган Германияни тиклашлари учун илм олишлари, ишлашлари кераклигини тушуниб турибди. Шунинг учун уларнинг кўнгилхушлик, вақтичоғлиқ қилишларига вақтлари йўқ. Кўчаларда ёшлар кўринмаётганининг сабаби шунда”.
Бу суҳбат бўлганига ҳам ўттиз йиллардан ошди. Энди тушуниб етдимки, урушдан кейин Германияни оёққа турғазган, дунёнинг энг ривожланган, фаровон давлатлардан бирига айланишини таъминлаган ўша – кутубхонада илм излаган, дастгоҳ ёнида терга ботиб ишлаган авлод экан.
НЕГА БУ ГАПЛАРНИ ЭСЛАДИМ?..
Сабаби, ерости, ерусти бойликларига ниҳоятда мўл бўлган республикамизда 90-йиллар арафасида бошқа республикаларга нисбатан аҳолининг турмуш тарзи ниҳоятда пастга тушиб кетган, одамларнинг кун кўриши машаққатга айланган эди. Тушунамиз, улкан хомашё базасига айлантирилган республикамизнинг ўша вақтдаги тақдирини марказ ҳал қилар эди. Хоҳиш-истакларимиз инобатга олинмас эди.
ОРАДАН НЕЧА ЙИЛЛАР ЎТДИ. ЎЗГАРИШ НИМА БЎЛДИ?..
“Ёшларга имкониятларини намоён этишлари учун барча шароитлар яратилди, йигит-қизларимизнинг кўзида ўт чақнаб турибди”, деган баландпарвоз гапларни тўхтатайлик. Касб-кори, ҳунари бўлмаган миллионлаб ёшларимиз нега бошқа мамлакатларда ўша юртлардаги тенгдошлари ўзига эп кўрмаган ишларни бажариб, юрибди? Нега миллат, давлат юкини елкага олишга улар қодир эмас?..
Бир қарашда миллат келажагига дахлдор бу оғриқли масалаларни тушуниб етгандаймиз. Тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани рост. Бу борада ура-ура, шов-шувлар қилинаётгани ҳам ҳақиқат. Лекин давлатимиз тақдирини қўлга олишига умид қилаётган ёшларимизни тўғри йўлга соляпмизми, уларнинг қизиққан соҳалари, мутахассисликларини пухта эгаллашлари учун етарли шароитлар яратиб бериляптими?..
Асосий савол: бир-икки кунлик аҳамиятга эга бўлган ташаббусларга зўр бериб, ёшларни кўз-кўз қилиш йўлидан бормаяпмизми?..
Афсуски, кейинги пайтда ёшларга қаратилган табдирларни оладиган бўлсак, айнан шу йўлдан борилаётгани кўринади. Бу тадбирларни турли важлар билан оқлашга ҳаракат қилмайлик, уларни ёшларнинг келажагига ҳам, миллат тақдирига ҳам заррача аҳамияти йўқ.
Мисол учун, яқинда Тошкент вилоятида барча телеканаллар-у, ижтимоий тармоқларда шов-шув қилинган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивали бўлиб ўтди. Албатта, тўрт кишини бир жойга тўплаб, тадбир ўтказишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Бу тадбирда эса минглаб ёшлар қамраб олинибди. Уларнинг ҳар бири битта фойдали гап эшитган, озгина ибрат олган бўлса, тадбир, тайёргарлик, маблағ ўзини оқлаган бўлар.
Аммо одамни бошқа саволлар ҳам чулғаб олади:
Зўрма-зўраки, ёшларнинг келгуси ҳаётида бирон-бир аҳамият касб этмайдиган бундай тадбирларни ташкил этишдан асл мақсад нима?.. Бу каби тадбирларнинг давлат дастурига киритилишидан муддао нима?..
Наҳотки, Ўзбекистон ёшлари шунчалик тум-тарақай тарқаб кетган бўлсаки, уларни бирлаштириш зарурати туғилган бўлса?!
Тадбир учун қанча маблағ сарфланганини ташкилотчилар билади. Ҳар ҳолда, тадбир якунида беш дақиқага етар-етмас давом этган мушакбозликка сарфланган маблағ эвазига Тошкент вилоятидаги ўнлаб мактабларнинг физика, кимё, биология, касб-ҳунарга ўргатиш синфларини жиҳозлашга етиб қолармиди?.. Вилоятда бундай камчиликлар кузатиладиган мактаблар сони оз бўлмаса керак.
Масаланинг ўта муҳим бошқа томони ҳам бор. Коронавируснинг навбатдаги тўлқини асосан ёшларга зарар етказаётган бир пайтда минглаб ёшларни бир жойга тўплаб, ура-ура шиорларга зўр беришдан муддао нима эканини тушуниш жуда қийин!
21-25 май кунлари Тошкент шаҳрида шов-шувли ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Шаҳар ҳокими тўйни бузмасликни илтимос қилгани учун “тўй” тугашини кутдик. Энди икки оғиз мулоҳаза юритсак бўлар. Аввало, фестивални ташкил этишда қатнашган раҳбарлардан тортиб, ходимларгача катта раҳмат, деймиз. Ёшлар тадбирлардан рози кетган бўлса, қалбларда бир чимдим мужда уйғонган эса ким нима ҳам дерди.
Тўй 3-4 кунлик шов-шув билан ўтди-кетди. Пойтахтнинг қоқ марказида тадбир ўтказилиши учун бир неча юз миллионлар эвазига махсус павильионлар, алламбало қурилмалар барпо этилди. Шаҳар ҳокими тадбир учун бир миллиард сўм сарфлангани, керак бўлса, қўшимча маблағлар ажратилишини ҳам таъкидлади. Тасаввур қилинг, бунда асосий ўзаги гала концерт бўлган тадбир учун миллиард сўм сарфланиши ҳақида гап кетяпти! Бу нима натижа беради, ёшларни қай мақсадларга рағбатлантиради? Бу каби томошалар келажак бунёдкорларига қандай наф келтиради?
Ҳадемай, бу ташаббуслар вилоятлар бўйлаб кенг қулоч ёйса, миллиардлаб маблағлар бир-икки кунлик томошалар учун ҳавога совурилса, ажаб эмас.
Эътироф этиш керак, илм-фан заҳматини тортаётган ёшларимиз учун турли грантлар, лойиҳалар жорий этилган. Олий ўқув юртлари сони кўпайтирилмоқда. Лекин булар кам. Миллионлаб ёшларни қамраб олишга жуда ҳам озлик қилади.
Илмга иштиёқи баланд, лекин махсус курсларда, дастурларда таълим олишга моддий имконияти чекланган ёшларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмаган. Ёшлар иштирокида фестиваллар, томошалар ўтказишга эса маблағ ҳам, ҳафсала ҳам топиляпти.
Айни пайтда ўзбекистонлик ёшларнинг хитойлик, кореялик тенгдошлари кимё, биология фанлари, сунъий онг, нанотехнологиялар соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари билан дунёни ҳайратга солмоқда. Ҳиндистонлик тенгқурлари аниқ фанлардаги ютуқлари билан Европани забт этмоқда. Улар янги Корея ёшлари, янги Ҳиндистон авлодлари шиорлари остида томошалар кўрсатаётгани йўқ. Бу мамлакатларда ҳатто боғча болалари ҳам илм чўққиларини забт этишга сафарбар этилган...
Нега биз?.. Савол ҳамон очиқлигича қолмоқда. Бу савол ҳар биримизни ўрташи, изланишга ундаши шарт! Бу саволга томошалар ташкил этиш билан жавоб топиб бўлмайди.
Дилшод ИСЛОМОВ
“Ўзбекистон овози”, 02.06.2021, № 21