Сурхондарёликларни бирдек қувонтирган ташриф

 

Ҳар гал Президентимиз Алпомишлар юрти Сурхондарёга ташриф буюрганидан сўнг воҳа ҳаётида янги саҳифалар очилиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Айтиш керакки, бу галги ташриф аввалгилариданда юксак бўлди. Буни рақамлар, амалга оширилажак лойиҳаларда яққол кўриш мумкин.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Жумладан, вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Уларнинг натижасида 25 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.

Ҳар бир масала бўйича илмий ҳамда шу ҳудуднинг тарихи, салоҳияти ва аҳолининг қизиқишидан келиб чиқиб ёндошилса, натижа бўлиши шубҳасиз. Буни тарих исботлаб қўйган. Давлатимиз раҳбари ҳам масалалар юзасидан айниқса, иқтисодий комплекс олдига вазифа қўяр экан, ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиқиб лойиҳа тайёрлаш, «ўсиш нуқталари»ни топиб, ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Сурхондарё вилоятида ҳам буни ёрқин мисолини кузатдик. Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу жуда тўғри ёндошув, сабаби номлари келтирилган туманларда амалга ошириладиган ушбу соҳалар бўйича ўзига хос тажриба, ерости ва ерусти бойликлари мавжуд. Воҳанинг характерини билувчи фарзанди сифатида буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўми қишлоқ хўжалиги соҳасига оид. Хусусан, минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади. Озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим масалалардан бири эканлигини ҳисобга олсак бу нақадар тўғрилигига амин бўламиз.

Давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳадаги инфратузилмани юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Чунки, мазкур соҳада вилоятда қилиниши зарур бўлган долзарб масалалар борлиги айни ҳақиқат.

Хусусан, 1 минг 230 километр йўлларни таъмирлаш, яна 1000 километр электр тармоғини тортиш, яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик суви муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, Молия вазирлигига вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Шу йилнинг ўзида вилоятда 3 минг 500 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиб, 1 минг 460 та оилага ипотека учун субсидия берилиши алоҳида таъкидланди.

Буларнинг барчаси сурхондарёликларни бирдек қувонтиргани шубҳасиз.

Президент томонидан вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда ютуқлар эътироф этилиб, камчиликлар очиқ ойдин кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш бўйича муддат, молиявий манба ва аниқ кўрсатмалар берилди. Энди уларни фақатгина сифатли ижро этиш қолди. Биз ҳам маҳаллий кенгаш депутатлари билан бирга жарёнларда фаоллик кўрсатишимиз лозим.

Мулоҳазаларимни Президентимизнинг бошқалар каби мени ҳам таъсирлантирган қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман. “...Ўзи меҳнат қилиб, натижага эришган оила баракали бўлади, соғлиғига қарайди, фарзандларини яхши ўқитади. Билимли болалар келажакда ўз йўлини топиб олади”.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Фахрий Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш