ЎзХДП Марказий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Марказий Кенгаш Ижроия қўмитаси Ҳайъати аъзолари, партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, ҳудудий студияларда минтақавий партия кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди.

Йиғилишда партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш ҳамда партия ташкилотларининг иш сифат ва самарадорлигини янада ошириш ҳамда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини ОАВ ва ижтимоий тармоқларида ёритишни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафаев маъруза қилди. Маърузада партия қуйи ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди. Сусткашликка қўяётган айрим ҳудудий кенгашлар фаолияти танқид қилинди.

Маъруза юзасидан Жиззах вилоят партия Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Нуриддин Холматов, Самарқанд вилоят партия Кенгаши раиси Бадриддин Насриев, Тошкент вилоят партия Кенгаши раиси Акмалжон Умаралиев сўзга чиқди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Тўлқин Тўрахоновнинг ахбороти тингланди. Маърузда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини ОАВ ва ижтимоий тармоқларида ёритишни кучайтириш борасидаги муҳим вазифалар таҳлил қилиб берилди. Жумладан, партиянинг расмий сайти, нашри ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини янада кучайтириш, партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда улардан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этиш борасидаги вазифалар белгилаб берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси партия Кенгаши раиси Халилулла Ешимбетов, Андижон вилоят партия Кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов ва бошқалар сўзга чиқиб, маърузада таъкидланган масалалар бўйича фикр-мулоҳаза, таклифларини билдирдилар.

Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

← Рўйхатга қайтиш