Жарқўрғоннинг спорт маликаси

 

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида парадзюдо бўйича “Токио-2020” ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколари берувчи халқаро Гран-При мусобақаси бўлиб ўтди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда -48 кг вазн тоифасида мамлакатимиз вакили Лобар Хуррамова мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

Спортчи туғилиб ўсган Жарқўрғон туманида чемпион қизимиз тантанали равишда кутиб олинди. Шу муносабат билан темир йўл вокзалида ташкил этилган маросимда туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Болалар-ўсмирлар спорт мактаби мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар бўлажак Паралимпия иштирокчисини халқаро беллашувда эришган ғалабаси ҳамда тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасига йўлланмани қўлга киритгани билан табрикладилар. Шунингдек, спортчига туман ҳокимлигининг пул мукофоти топширилди.

Шуниси қувончлики, Лобар Хуррамова Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси ҳисобланади. Жарқўрғон тумани партия Кенгашида ҳам партиядошимиз билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув иштирокчилари ёш спортчини эришган муваффақиятлари билан табриклаб, келгусида янада юксак чўққиларни забт этишига тилак билдирдилар. Шунингдек, спортчига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

ЎзХДП Жарқўрғон тумани кенгаши

← Рўйхатга қайтиш