Мамлакатимизда яшаш минимумини белгилаш масаласи энг кўп муҳокама қилинаётган, тез-тез кун тартибига чиқаётган мавзулардан бирига айланиб бўлди. Чунончи, 2020 йилнинг 3 июнь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2020 йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Бу Халқ демократик партияси учун ҳам ўта муҳим масала. Камбағалликни қисқартириш, бу борадаги ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш бир қатор омилларга боғлиқ. Шулардан энг муҳими камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олишдир. Бундай мезон бўлмаса, аслида ким, нима учун камбағаллигини айтишнинг ўзи хато бўлади.
Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида аҳолининг 10-12 фоизи камбағалликда яшаётгани ҳақида тўхталиб ўтган эди. Шунга қадар юртимизда бундай маълумотлар ҳақида гапирилмасди. Турлича фикрлар, чамалашлар бўларди, холос. Яшаш минимумининг ҳуқуқий асоси яратилса, бу борадаги статистик маълумотлар ҳам тизимлашади. Шунинг учун бу муҳим масала қайта-қайта кун тартибига қўйилмоқда эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида «пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас»лиги қайд этилган. Бироқ ушбу Конституциявий норма амалда ишламасдан келаётганди. Миллий қонунчилигимиз ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам халқаро тавсиялар ва илғор амалиётдан жуда орқада қолаётганди.
Ўзбекистонда бу масалада аниқ мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатда муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермай келаётганди.
Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш, айниқса, долзарб вазифага айланди. Қонунчиликдаги айрим камчиликлар янада яққолроқ сезилди. Минимал истеъмол харажатларини жорий этмасдан, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Камбағаллик камаймаса, жойларда ижтимоий муаммолар кўпаяди.
Шу боис ҳукумат томонидан халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди. Буни ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.
Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (жорий йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди. Ушбу рақам республиканинг ҳар бир ҳудудидан танлаб олинган фуқароларнинг сарфлаган харажатларидан келиб чиққани қайд этилди.
Минимал истеъмол харажатлари миқдори доимий ўрганишлар асосида ўзгариб туришини алоҳида таъкидлаш керак. Бу борадаги амалиёт ҳали давом этади, албатта. Асосийси биринчи қадам қўйилиши эди. Энди ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш ишлари аниқ тизим ҳамда механизмга эга бўлади.
Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади. Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказмоқда.
Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилган.
Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг белгиланиши — ўз навбатида, давлат бюджети ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламга берилаётган моддий ёрдамга таъсири бўлади. Чунки ушбу кўрсаткич эълон қилиниши натижасида давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулияти ошади.
Биринчидан, пенсия пуллари, турли кўринишдаги нафақа пуллари хатловдан ўтказилиб, эълон қилинган минимал истеъмол харажатларига мувофиқлаштирилади.
Иккинчидан, минимал истеъмол харажатлари аҳолига турли кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатишда мезон сифатида белгиланиши назарда тутилмоқда.
Халқ демократик партияси ушбу принципиал масалада ҳукуматнинг ишларини қўллаб-қувватлайди. Қайд этганимдек, минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари ана шу йўлда ташланган илк қадам бўлди. Бу борадаги изчил ҳаракатларни давом эттириш, мустаҳкам асосланган тадқиқотларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.