Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда даставвал “Минимал истеъмол харажатларини белгилаш натижалари тўғрисида”ги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқуловнинг ахбороти тингланди.
Фракция аъзолари таъкидлаганидек, мамлакатимизда яшаш минимумини белгилаш масаласи Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида илгари сурилган энг муҳим йўналишлардан бири. Шу мақсадда партия яшаш минимумини бегилаш ва унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов қайд этганидек, минимал истеъмол харажатларини жорий этмасдан, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Камбағаллик камаймаса, жойларда ижтимоий муаммолар кўпаяди. Айнан Президентимизнинг сиёсий иродаси билан Ўзбекистонда камбағаллик мавжудлиги тан олинди, тирикчилик учун зарур энг кам миқдор бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу Халқ демократик партияси учун ҳам электорат манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ўта муҳим масала. Камбағалликни қисқартириш, бу борадаги ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш бир қатор омилларга боғлиқ. Шулардан энг муҳими камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олишдир. Бундай мезон бўлмаса, камбағаллик даражасини белгилаш, ижтимоий кўмакни кимларга ажратиш масаласи очиқ қолади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари таъкидлаганидек, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди. Буни ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган. Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (жорий йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.
Ушбу рақам республиканинг ҳар бир ҳудудидан танлаб олинган фуқароларнинг сарфлаган харажатларидан келиб чиққани қайд этилди. Минимал истеъмол харажатлари миқдори доимий ўрганишлар асосида ўзгариб туриши йиғилишда алоҳида таъкидланди. Бу борадаги амалиёт ҳали давом этади, албатта. Асосийси, биринчи қадам қўйилди. Энди ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш ишлари аниқ тизим ҳамда механизмга эга бўлади.
Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади. Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказади.
Сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилган. Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг белгиланиши — ўз навбатида, давлат бюджети ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламга берилаётган моддий ёрдамга таъсири бўлади. Биринчидан, пенсия пуллари, турли кўринишдаги нафақа пуллари хатловдан ўтказилиб, эълон қилинган минимал истеъмол харажатларига мувофиқлаштирилади. Иккинчидан, минимал истеъмол харажатлари аҳолига турли кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатишда мезон сифатида белгиланиши назарда тутилмоқда. Халқ демократик партияси ушбу принципиал масалада ҳукуматнинг ишларини қўллаб-қувватлайди.
Фракция йиғилишида минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари ана шу йўлда ташланган илк ва тарихий қадам бўлгани айтилди. Бу борадаги изчил ҳаракатларни давом эттириш, мустаҳкам асосланган тадқиқотларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Бу камбағаллик чегарасини аниқ белгилашда муҳими ўрин тутади.
Депутатлар ҳукуматнинг бу борадаги қарорини қўллаб-қувватлаган бўлсаларда, “Истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”га оид фарқларни аҳолига етказиш, минимум истеъмол харажатларига нималар кириши масаласида етарлича тушунтириш олиб борилмаганини таъкидладилар. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари фракциямиз аъзоларининг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб қайтаришди.
Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг минимал истеъмол харажатларини белгилаш борасидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди. Якунда тегишли қарор қабул қилинди.
Йиғилишда шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси ҳақида”ги ва бошқа бир қтор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаларига электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирдилар.