Ўзбекистон ва Покистон: Истиқболли алоқалар янада мустаҳкамланмоқда

 

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Парламент делегацияси Покистонда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Покистон Ислом Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Асад Кайсар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон юқори ва қуйи палаталари ўртасида тузилган дўстлик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этишди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон ва Покистон давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган видеоанжуман шаклидаги учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларни юқори баҳолаб, мамлакат парламенти томонидан тўлалигича қўллаб-қувватланганлигини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нафақат икки томонлама балки, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини эътироф этиб, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, яъни, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, қўмиталар, депутатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашишга келишиб олдилар.

Мулоқотда томонлар парламентлараро ҳамкорликнинг янги форматлари икки мамлакат раҳбарлари ўртасида келишилган сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, илмий, туристик ва маданий соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишига ишонч билдиришди.

 

Тарихга назар

Икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар хақида тўхталар эканмиз, Покистон Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йилнинг 20 декабрида тан олганини айтиб ўтиш лозим. Давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майдан бошлаб ўрнатилаган.

Покистоннинг Тошкентдаги элчихонаси 1992 йил июнь ойидан, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси эса 1994 йил июль ойидан бошлаб фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик

Бу борада, айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда Ўзбекистон - Покистон сармояси иштирокида тузилган 125 та корхона ишлаб турибди. Жумладан, 45 та қўшма ва 80 та хорижий корхона Покистон сармояси асосида барпо этилган.

Шунингдек, 1993 йилда Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳам қўшма комиссияси тузилган бўлиб, ўтган беш йил давомида ушбу комиссия фаолияти сезиларли равишда жонланганлигини алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқдир.

Эндиликда давлатлараро маданий-гуманитар, илм-фан ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам янада жонлантиришга қаратилган саъй ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Покистон билан шериклик муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратганини ҳам алоҳида қайд этиш мумкин.

Дарҳақиқат, давлатлар ўртасида сўнгги йилларда эришилган ҳар томонлама келишувлар кўп асрлик ва қардошлик муносабатларимизга янги суръат бахш этди.

Ҳозирда Покистонда бўлиб ўтаётган учрашувлар негизида ҳам икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашиш имкониятининг ётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

 

Покистон Миллий ассамблеяси (парламентнинг қуйи палатаси)

Покистон Миллий ассамблеяси сайланадиган жами 336 нафар аъзолардан ташкил топган парламентнинг қуйи палатаси ҳисобланади. Улардан 272 нафари тўғридан-тўғри сайланган аъзолар ва 70 нафари аёллар, диний озчиликлар ва эркин партиялар вакилларидир.

Покистон Миллий ассамблеяси мамлакатнинг қонун чиқарувчи органи бўлиб, у демократик, кўп партиявийлик тизими асосида иш олиб боради. Шунингдек, Миллий ассамблея ўзининг Жамоат ҳисоб қўмитаси орқали давлат харажатларини синчковлик билан текширади ва ҳукумат томонидан сарфланадиган харажатлар устидан назоратни амалга оширади.

Айтиш мумкинки, Покистон Жанубий Осиё минтақасида ўзига хос муҳим аҳамиятга эга бўлган давлатлардан биридир. Келгусида Ўзбекистон Парламенти ва Покистон Миллий ассамблеяси ўртасида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолияти доирасида олиб бориладиган ишлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга, мустаҳкам поғоналарга ва янги босқичларга кўтаришига муҳим туртки беради, деб ўйлайман.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш