Давлатимиз раҳбари 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди. Ташриф давомида ҳудудда аҳолининг ҳаёт тарзи, одамларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишгани сурхондарёликларнинг кайфиятини кўтарди, ҳаммамизни мамнун этди. Айниқса, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга солиқ имтиёзлари бериш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани вилоятимиз аҳлини эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади, янги манзиллар сари руҳлантирди.
Вилоятда зарур инфратузилмани яхшилаш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ ажратилишининг ўзи ҳам ҳудуд салоҳиятини янада юксалтириш, вилоят аҳлининг турмуш даражасини юксалтириш учун бошланаётган кенг кўламли ислоҳотлардан дарак беради.
Президентимиз маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик фаоллари билан йиғилишда вилоятни комплекс ривожлантиришга доир қатор масалалар муҳокама этилди.
Давлатимиз раҳбари Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида ушбу туманларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод қилишни таклиф қилди. Бу иш бошлаш ниятида юрган қанчадан-қанча одамларимизни мамнун этди. Энг муҳими, улар оёққа туриши, ўз ишини бошлаши ва уни ривожлантириши учун бу керакли имкониятдир. Уларни қўллаб-қувватласак, самараси, натижаси албатта, ўзини кўрсатади.
“Режам ўхшамаса, нима қиламан, ишқилиб топган даромадим солиқларга, харажатларга етадими?”, деган минг ҳадик билан яшаётган, лекин юрагида яратувчанлик шашти баланд, бунёдкор ғоялар билан ёниб яшаётган юзлаб, минглаб одамларимиз, ёшларимиз қўрқмасдан ишини йўлга қўйиши мумкин. Демак, бундан кейин ушбу туманларда ишлаб чиқариш, тадбиркорлик янада ривожланади, янги иш ўринлари яратилади. Бу эса аҳоли турмуш даражаси ошиши, ҳудудларда зарур инфратузилма тараққий этишига хизмат қилади.
Албатта, биз депутатлар ҳам бу борадаги ишларни амалга оширишга масъулдирмиз. Сайловчилар билан учрашувларда тадбиркорларимизга берилаётган имконият ва имтиёзлар билан таништириш керак. Одамларимиз орасида қўлида ҳунари, касбу-кори борлар жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, иш бошлаши учун кўмалашиш, йўл-йўриқ кўрсатиш керак. Кўпчилик имконият ва имтиёзлардан бехабар бўлиб, қаердан иш топсам экан, деган ўй билан юраверади.
Кундалик турмушда қурилиши материаллари, маиший хўжалик моллари, уй жиҳозлари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари энг кўп харид қилинадиган товарлардан ҳисобланади. Яна бир томони, уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш жуда осон ва кўп маблағ талаб этмайди. Демак, ҳудудларга саноатни ривожлантиришда имтиёзлар бериш, бу борада катта имкониятлар яратиш иқтисодиёт учун, аҳоли бандлигиги таъминлаш учун муҳимдир.
Шу нуқтаи-назардан айтганда, давлатимиз раҳбари вилоятимизда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш масаласига эътибор қаратилгани айни муддао бўлди. Шу мақсадда, қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.
Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди. Демак, бундан кейин маҳаллий саноат янада ривожланади, бунинг ҳисобига юзлаб, минглаб иш ўринлари яратилади.
Ҳаммамизга яхши маълумки, кластер тизими соҳага замонавий технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий қилишда муҳим омил бўлмоқда. «Ангор Сурхон ғурури» масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги иш услуби асосида ҳосилдорлик ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги оширилмоқда.
Ташриф давомида Президентимиз Ангор туманидаги «Ангор Сурхон ғурури» кластерида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди. Ушбу кластернинг умумий ер майдони 11 минг гектардан зиёд. Шунинг 4 минг 870 гектарида ғалла етиштирилмоқда. Бу йил Россия Федерациясидан касалликларга чидамли ғалла навлари келтириб экилган. Гектарига 80 центнердан ҳосил олиш кутиляпти. Кластерда сабзавот ва дуккакли экинлар ҳам етиштирилади. Юртбошимиз соҳа мутахассислари билан бўлган суҳбатда пахтани қўшқатор усулда экишни жанубий ҳудудларда оммалаштириш ва бу орқали юқори ҳосил олиш мумкинлигини қайд этди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга икки кунлик ташрифи, бошланган саъй-ҳаракатлар, ишлаб чиқилган режалар вилоятимиз ривожи, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, янада тараққий этиши учун хизмат қилади. Бундан тўлқинланган сурхондарёликлар ўзгача руҳ, катта ишонч ва ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишига, ислоҳотлар иштирокчиси бўлишига ишонаман.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.