Уйи бузилаётган фуқаролар нега кўчада қолиши керак?

 

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳозирги вақтда ўткир муаммолардан бирига айланган. Бу борада қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжлари босқичма-босқич қондириб борилмоқда. Шу мақсадда пойтахтимизда ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга ошириляпти. Бу жараёнда хусусий қурилиш ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётгани, албатта, қувонарли ҳолат.

Тошкент шаҳридаги хусусий қурилиш ташкилотларининг бу борадаги фаолиятига назар солсак, улар асосан, эски, бир неча ўн йиллар илгари қурилиб, абгор ҳолатга келиб қолган уйлар ўрнида кўп қаватли тураржойлар бунёд этаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай ҳолларда бузилаётган уй эгаларини рози қилиш олтин қоидага айланди. Лекин ҳамма қурувчилар ҳам бу қоидага амал қиляпти, деб бўлмайди. Шундай ҳолатлардан бири Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, “Оқтепа” маҳалласидаги 18-уйда яшовчиларнинг эътирозига сабаб бўлгани фикримизнинг исботидир.

Маълум бўлишича, ушбу уй ўрнида хусусий қурилиш корхонаси кўп қаватли уй қуриш керак. Бузилаётган уйда яшовчи, оғир вазиятга тушиб қолган икки нафар фуқарони тураржой билан таъминлаш масаласи ечимини топгани йўқ. Улар яшаб турган уй эса бузилиш арафасида. Қийин аҳволга тушиб қолган фуқаролар нима қилади, қаёққа боради? Бу саволлар афтидан, қурилиш фирмаси раҳбариятини қизиқтираётгани йўқ.

Маҳалла мутасаддилари эса гўё томошабин бўлиб туришибди. Туман ҳокимлиги фуқаронинг тақдирига бефарқ қараб турганини ҳам тушуниш қийин. Ҳокимлик масъуллари наҳотки муаммони ўрганиб, фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳафсала тополмаётган бўлсалар?!

Мазкур ҳолат Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши, партиянинг депутатлари томонидан назоратга олиниб, муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Халқ демократик партияси ҳар қандай яхши ниятдаги қурилишлардан инсоннинг яшаш ҳуқуқи, хотиржамлиги устун туради, деб ҳисоблайди.

 

Халқ демократик партияси

Тошкент шаҳар кенгаши

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш