Ҳаётда шундай ҳолатлар кузатиладики, маҳаллий раҳбарлар аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларга бефарқлик билан қарайди. Муаммо муаммолигича қолиб кетаверади. “Юқори”дан топшириқ бўлганда эса оёқ олти, қўл етти бўлиб бир зумда муаммо бартараф этилади. Бу ҳақда телеканаллару ижтимоий тармоқларда роса овоза қилинади. Бундан гўёки мутасаддилар халқ учун эмас, ҳукуматдан олқиш олиш учун ишлаётгандек таассурот пайдо бўлади.
Чирчиқ шаҳридаги “Турон” МФЙ ҳудудида жойлашган қаровсиз болалар майдончаси билан боғлиқ муаммони бунга мисол сифатида келтириш мумкин. Ҳудуд аҳолиси кўп қаватли уйларда яшайди, уларнинг фарзандлари учун эса очиқ ҳавода ўйнашнинг имкони йўқ: яккаю ягона болалар майдончаси қаровсизликдан хароба ҳолда ётибди. Шу сабабдан, болажонлар темир-бетон бўлакларидан иборат уйлар харобаларида, гаражларда ўйнашга мажбур бўлмоқда. Аҳвол шу даражага етдики, ўтган йилнинг ёзида бир мактаб ўқувчиси ташландиқ бетон босиб қолиши оқибатида вафот этди. Мутасаддилар шунда ҳам пинакларини бузганлари йўқ: норасиданинг ўлимига сабаб бўлган бетон бўлаклари ҳамон шаҳар ҳуснидаги доғ бўлиб турибди.
Маҳалла аҳолиси болалар майдончасини таъмирлаш, темир-бетон бўлакларини олиб кетишни сўраб неча марта шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларга мурожаат қилишди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда бонг урилди, лекин фойдаси бўлмади: аҳвол ҳамон ўша-ўшалигича қолмоқда.
Маълум бўлишича, мазкур ҳудудга 4-сектор (шаҳар солиқ инспекцияси) масъул. Бироқ, сектор раҳбарларининг ҳам парвойи палакка ўхшайди. Оқибатда аҳолининг талаб, эътирозлари эътиборсиз, болалар хавф остида қолмоқда.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят ҳамда Чирчиқ шаҳар кенгашлари масъул ходимлари ҳудудда бўлиб, маҳалла фаоллари иштирокида муаммони атрофлича ўрганди. Вазият ғоятда ачинарли экани, ушбу ҳолат аҳоли муаммоларини “маҳаллабай” ўрганиш тизимига мутлақо тўғри келмаслиги маълум бўлди. Аҳоли билан бўлган суҳбатда, 4-сектор раҳбари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги муаммолар билан яхши таниш эканликларини, бироқ уларни бартараф этиш борасида бирон иш қилмаётганликлари таъкидлаган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Чирчиқ шаҳри “Турон” МФЙда яшовчи аҳолини ташвишлантираётган мазкур муаммога маҳаллий мутасаддиларнинг парда ортидан қарашларини кескин қоралайди. Маҳаллий ҳокимлик, ҳудудга масъул сектор мутасаддиларидан юқорида баён этилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатди.
Акмал Умаралиев,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси.