Шу йилнинг 3 июнида ижтимоий тармоқларда, хусусан, телеграм каналларда “Ичимлик сув йўқлиги сабаб узоқдан сув ташиймиз. Муаммо бугина эмас…” сарлавҳаси остида аҳоли мурожаати тарқалди. Унда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Тўпчоқ қишлоғи аҳлини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар келтириб ўтилган. Хусусан, қишлоқ ичидан ўтадиган йўллар тупроққа, куз-қиш фаслларида лойга беланиб ётиши, қишлоқдаги 500 хўжалик томорқаси ва 26 гектар фермерлар майдонини сув билан таъминлайдиган Бўзариқ суви Тўпчоқ қишлоғигача етиб келмаслиги сабаб томорқалардаги экинлар қуриб кетаётганлиги, тоза ичимлик суви етишмовчилиги сабабли Тўпчоқ аҳолисининг 30 фоизи узоқдан сув ташиб келаётганлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг маҳаллий Кенгашидаги гуруҳи аъзолари муаммони атрофлича ўрганди. Ҳақиқатда мурожаатда тилга олинган муаммолар ўринли эканлиги аниқланди. Хусусан, Китоб тумани, Тупчоқ қишлоғи 2018 йили “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлса-да, жиддий ўзгариш бўлмаган.
Шунинг учун биз ушбу ҳолатни ўз назоратимиз остига олинганини маълум қиламиз. Айни пайтда аҳолини ташвишга солаётган камчиликларни бартраф этиш юзасидан Қашқадарё вилояти, Китоб тумани ижро ҳокимиятига Тўпчоқ қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури асосида бажарилган ишлар ҳисоботи юзасидан Депутатлик сўрови юборилди. Маҳаллий ижро ҳокимиятини масалага жиддий ва масъулият билан ёндашишга, аҳоли муаммоларига лоқайд ва бепарво бўлмасликка чақирамиз. Ахир, Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш эмасми?!
ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши