Таълим олиш ҳуқуқи адолатли, ҳамма учун тенг шароитларда яратилиши лозим

 

Таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида амалиётга татбиқ этилган ва татбиқ этилиши режалаштирилган айрим ўзгаришлар ҳам борки, булар кўпчиликнинг, биринчи навбатда, талаба-ёшларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, хорижда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишларини Ўзбекистонга кўчириш билан боғлиқ киритилиши кўзда тутилган тартиб кескин эътироз, норозиликларга сабаб бўлди. Чунки, бу борадаги кучайтирилган талаб ва тартиблар ўқишни ватанимда давом эттираман, деган ниятда юрган ҳамюртларимизнинг орзуларини деярли чипакка чиқаради.

Хориж олий таълим муассасаларидан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш бўйича тартиб ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан режалаштирилаётган янги тартиб жорий этилса, хориждан ўқишни кўчириш учун ўтказиладиган тест имтиҳони Давлат тест маркази томонидан тест олинади (шу пайтга қадар Олий таълим вазирлигининг базаси орқали олинган). Эътирозларга сабаб бўлаётган энг муҳим жиҳати – ўқиши кўчирилаётган йўналишдаги ўтиш бали қўйилиши ва оддий контракт учун 4 баллик шкала жорий этилиши, бу талаб супер-контрактларга тааллуқли бўлиши режалаштирилмоқда. Бундан аввал, хориждан кўчиришда деярли барча йўналишларда 56 балл талаби қўйилар эди. Саноқли йўналишлардагина 100 ёки бошқа баллар белгиланган эди.

Юқорида айтилганидек, мазкур ўзгаришлар айни пайтда хорижда, асосан, қўшни республикаларда таълим олаётган талабаларнинг ўқишларини мамлакатимизга кўчириш ҳаракатларини катта эҳтимол билан айтганда, йўққа чиқаради. Бизнингча, фуқароларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини чекловчи ҳаддан ортиқ талаблар жорий этилиши мақсадга мувофиқ эмас. Айнан шу сабабли юртимиздаги олий ўқув юрти талабалари орасидан ўзларига жой тополмаган минглаб ёшларимиз қўшни давлатларда таълим олмоқдалар. Фикримизча, бундан тегишли хулоса чиқаришимиз керак.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси илм олишга иштиёқи баланд ёшларни доимо қўллаб-қувватлайди ва таълим олиш ҳуқуқи адолатли, ҳамма учун тенг шароитларда яратилиши лозим, деб ҳисоблайди.

← Рўйхатга қайтиш