Жаҳондаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ўз миллий манфаатлари нуқтаи назаридан бошқа давлатлар билан муносабатга киришиб, ҳамкорлик алоқаларини амалга оширади. Умумий манфаатлар давлатлараро муносабатларни шакллантиради, ҳамкорлик ришталарини ривожлантиради.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Марказий Осиё давлатлари ҳам асосий эътиборни миллий қадриятларини тиклашга, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг тараққиёт моделларини белгилаб олишга қаратдилар. Эътиборга молик жиҳати, ушбу мамлакатларнинг, айниқса минтақанинг муҳим давлатлари ҳисобланган Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг минтақавий ва ҳалқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича позициялари ўхшаш ва яқиндир. Бунинг сабаби икки қўшни миллатнинг илдизи умумий тарихга, маданияти, қавму қариндошлиги, азалдан ёнма-ён яшаб шаклланган дўстлик ва қардошлик ришталарига асосланганлигида бўлса ажаб эмас.
Ўрни келганда қайд этиш керак, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ишончли ва конструктив мулоқот тусига кириб, икки томонлама алоқаларимизнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси яратилиб, тенглик, ўзаро тушуниш, ҳар томонлама ҳамкорлик, ишонч тамойиллари асосида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон-Қозоғистон ижтимоий, иқтисодий алоқаларида парламентлараро ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, ҳар икки давлат парламентларида ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Улар ўртасида ташрифлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг 4 июнь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси Маулен Ашимбоев бошчилигидаги парламент делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Қозоғистон парламенти делегацияси билан ўтказилган мулоқотда қуйи палата депутатлари ҳам иштирок этди. Учрашувда томонлар ўртасида ўндан ортиқ масалалар муҳокама қилинди.
Қозоғистон Сенати аъзолари Қонунчилик палатаси фаолияти билан танишув жараёнида, меҳмонлар қуйи палата кутубхонаси алоҳида таассурот қолдирганини таъкидладилар. Кутубхонанинг китоб фонди, ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, хусусан, унинг бутунжаҳон илмий-таълим маълумотлар базалари — “Library Press Display”, “JSTOR”, “East View”, “Springer Link”, “ProQuest” каби тармоқларга улангани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро алоқалар давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишига хизмат қилади ҳамда бу борада ҳар икки мамлакатнинг имкониятларини янада кенгайтиради.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.