Бунёдкорлик ишларига депутат бош бўлмоқда

 

Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Дўстлик» МФЙда 2555 киши истиқомат қилади. Ҳудудда битта боғча ва иккита мактаб бор. Маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи канал кўприги қурилганига салкам етмиш беш йил бўляпти. Узунлиги 22, эни 7 метр бўлган энг серқатнов йўл ўтган ушбу кўприк қурилганидан буён таъмирланмаган.

Кўприкдан аҳоли, турли русумдаги транспорт воситалари тўхтовсиз ўтиб туради. Кўприк таъмирталаб бўлиб қолгани учун бирмунча ноқулайликлар юзага келганди. Маҳалла раиси, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши депутати Умархон Отабоевнинг ташаббуси билан бутун маҳалла аҳли ҳашар томонилан ҳашар уюштирилди.

Май ойида бошланган кўприк қурилиши учун ҳамма имкон даражада ёрдам кўрсатди. Лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди, сарф-харажатлар ҳисоб-китоб қилинди. Аҳоли томонидан жами 134 миллион сўм ҳомийлик пули тўпланиб, қурилиш ишлари жадал олиб борилди ва янги, замонавий кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– «Дўстлик» МФЙдаги савобли ишлар давом этмоқда. Маҳалламиздаги мавжуд 6 та кўчага шағаллаш ётқизиш ишларини тўлиқ якунладик. Энди ҳудудимиздаги 5 километр йўлни асфальтлаш ишларини бошлаш арафасидамиз, – дейди маҳалла раиси, туман Кенгаши депутати Умархон Отабоев.

Куни кеча Ўзбекистон ХДП Уйчи туман Кенгаши ташаббуси билан кўприкнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Туман ҳокимлиги, корхона, ташкилотлар мутасаддилари ва кенг жамоатчилик иштирок этган тадбир ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Нуронийлар хайрли ишга бош қўшганлар ҳақига, кўприк узоқ йиллар халққа хизмат қилишини сўраб дуо қилдилар.

 

Моҳира Холмирзаева,

Ўзбекистон ХДП Уйчи туман кенгаши мутахассиси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш